Россия Европа Иттифоқининг 81 та оммавий ахборот воситасини блоклади

Россия Европа Иттифоқининг 81 та оммавий ахборот воситасини блоклади

Россия Европа Иттифоқининг ўнлаб оммавий ахборот воситаларига интернет орқали кириш имкониятини чеклади. Рўйхатга 81 та нашр ва агентлик киритилган. Улар орасида Agence France-Presse, Politico, La Stampa, La Repubblica, El Pais, El Mundo, Der Spiegel ва бошқалар бор.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи Россиянинг «РИА Новости», «Известия» ва «Российская газета» нашрларини тарғиботда айблаб, тақиқлаган эди. Россия бунга жавобан Европа нашрларига нисбатан чекловлар жорий қилгани таъкидланмоқда.

«Россия томони россиялик журналистларни сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиш ва Россия оммавий ахборот воситаларига Европа Иттифоқи ҳудудида асоссиз тақиқлар қўйиш эътибордан четда қолмаслиги ҳақида бир неча бор огоҳлантирган», дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида.

Рўйхатга 25 давлатнинг нашрлари киритилган. Улар орасида Германиянинг Die Zeit журнали, Полшанинг Belsat телеканали, Франциянинг Le Monde ва Liberation газеталари, Eurobserver интернет нашри, Швециянинг SVT телерадиокомпанияси бор. ТИВ қўшимча қилишича, агар Россия оммавий ахборот воситаларига қўйилган чекловлар олиб ташланса, Россия томони ҳам «ушбу медиа операторларига нисбатан ўз қарорини қайта кўриб чиқади».

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: