Ерга «Қотил астероид» яқинлашмоқда

Ерга «Қотил астероид» яқинлашмоқда

Олимлар томонидан «сайёра қотили» деб аталган катта астероид Ер томон ҳаракатланмоқда. Ҳисоб-китобларига кўра, 27 июн куни у сайёрага 6,6 миллион км масофада яқинлашади. Бу астероид сўнгги 125 йил ичида Ерга яқинлашадиган энг катта космик объектлардан бири сифатида тан олинган.

2011 UL21 астероиди Ер яқинидан 93 минг км/соат тезликда ўтади. Аввалги кузатишлар шуни кўрсатдики, Қуёш атрофида айланиш жараёнини якунлаш учун унга 3 йил керак бўлади. Унинг ўлчами 1,7 дан 3,9 км гача – бу астрономларга маълум бўлган астероидларнинг 99 фоизидан каттароқдир.

Олимларнинг таъкидлашича, 2011 UL21 астероиди 66 миллион йил олдин динозаврларни йўқ қилган космик тошдан тахминан беш баравар кичикроқ. У билан эҳтимолий тўқнашув бўр-палеоген фалокатига қараганда камроқ талофатли бўлади. Аммо бундай астероид континентал миқёсдаги ўзгаришларга сабаб бўлиши ва глобал иқлим ўзгаришига олиб келиши учун атмосферага етарлича чиқиндиларни чиқариши мумкин.

Астрономларнинг фикрича, астероидни телескоплар ёрдамида тунги осмонда 28 ва 29 июн кунлари кўриш мумкин.

Катта астероиднинг Ер яқинидаги навбатдаги «ташрифи» 2089 йилда кутилмоқда. У бизнинг сайёрамизга 2,7 миллион км масофада яқинлашади – ҳозиргидан икки баравар яқинроқ.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: