Сомон қолдиғини ёққан шахс жаримага тортилди
![](https://hordiq.uz/wp-content/uploads/2024/06/izobrajenie_2024-06-28_210523387.jpg)
Жарқўрғон туманидаги Эскиқишлоқ маҳалласи ҳудудидаги фермер хўжалигининг иш юритувчиси Мансур Норбўтаев (исм-шариф ўзгартирилди) сомонпоя қолдиқларини ёқиб, теварак-атроф ва экин майдонига йирик миқдорда зарар етказгани учун жарима тўлайдиган бўлди.
Вилоят экология бошқармаси ахборот хизмати маълум қилишича, ғалла ўрим-йиғимидан бўшаган 10 гектар майдондаги сомонпоя қолдиқларини ўзбошимчалик билан ёқиб юборган табиат кушандасига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган. Табиатга етказилган зарар 18 миллион 642 минг 234 сўм миқдорида ҳисобланган. Амалдаги қонунларга кўра, эндиликда бу зарар иш юритувчидан ундирилади.