Самвел Бабаян “Навбаҳор”ни тарк этди
Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бош мураббийи Самвел Бабаян жамоани тарк этди.
Мураббий ўз хоҳишига кўра клуб билан ҳамкорликни тўхтатган. Бунга Бабаяннинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб бўлган. Даволаниш жараёни бир неча ойга чўзилиши ҳисобга олиниб, мутахассис жамоа билан узоқ муддат бўла олмаслиги сабабли ушбу қарорга келган. Самвел Бабаяннинг клубдан кетгани ҳақидаги хабар эртага расман эълон қилинади.
“Навбаҳор” жамоаси кетма-кет 4 та дурангдан сўнг охирги ўйинида “Андижон”га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Ҳозирда жамоа 19 очко билан 5-ўринни банд этиб турибди.
Бабаян 2022 йилдан буён наманганликлар бош мураббийи сифатида ишлаб келаётган эди. Унинг қўл остида жамоа 89 та ўйин ўтказиб, 50 та ғалаба, 23 та дуранг ва 16 та мағлубият қайд этган.
Мутахассис бундан аввал “Пахтакор”, “Спартак”, “Локомотив”, “Чанчун Ятай” ҳамда Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи сифатида фаолият олиб борган.