Бухорода ака укасини пичоқлаб ўлдирди
Жорий йилнинг 8 февраль куни И.Ҳ. (эркак) Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги уйида соат 18:30 атрофида укаси Э.Ҳ. билан овқатланиб, биргаликда спиртли ичимлик истеъмол қилиб, мастлиги натижасида ўрталарида жанжал келиб чиққан.
Жанжал оқибатида ака укасини қасддан ўлдириш мақсадида, яшаш хонадонидаги ошхона пичоғи билан унинг ҳаёти учун муҳим тана аъзолари, яъни, ўнг қўл билак юқори учи соҳаси ва кўкрак қафасига уриб, оғир тан жароҳати етказганида қўлидаги ошхона пичоғининг тиғи Э.Ҳ.нинг кўкрак соҳасида синиб қолганидан сўнг у ошхонадан яна бошқа пичоқни олган вақтида уйга етиб келган гувоҳлар томонидан тўхтатиб қолинган.
Жабрланувчи Э.Ҳ. кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамай ҳаёти учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари оқибатида жорий йил 13 февраль куни туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
Шу йилнинг 3 июнь куни Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман судида марҳумнинг акаси И.Ҳ.га доир суд иши кўриб чиқилди ва унга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи И.Ҳ. ЖКнинг 97-моддаси 1-қисмида (қасддан одам ўлдириш) кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан шу модда билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.