Ҳизбуллоҳ Яқин Шарқдаги таҳдидлар рўйхатидан олиб ташланди
Араб давлатлари лигаси энди Ҳизбуллоҳни террорчи ташкилот деб ҳисобламайди. Бу ҳақда Араб Лигаси бош котиби ёрдамчиси Ҳусам Заки Байрутда парламентдаги «Қаршилик кўрсатишга содиқлик» фракцияси раҳбари Муҳаммад Раад билан учрашувда маълум қилди, деб ёзади «Al-Akhbar.» газетаси.
«Лига Ҳизбуллоҳнинг террорчи гуруҳ мақомини олиб ташлашга қарор қилди, чунки бу партия Ливаннинг ҳозирги сиёсати ва келажагида муҳим роль ўйнайди», деб таъкидлади мисрлик дипломат.
Закийнинг Раад билан учрашуви Саудия Арабистони ташаббуси билан Ҳизбуллоҳ Араб Лигаси томонидан террорчи ташкилот сифатида таснифланган 2016 йилдан бери биринчи учрашув бўлди. Ўшанда Ҳизбуллоҳ Эроннинг Яқин Шарқдаги таъсири учун восита бўлиб, Ироқ, Яман, Ливан, Сурия ва Форс кўрфазидаги араб давлатларининг ички ишларига аралашганликда айбланган.
Дипломатнинг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият «Ливан жанубидаги қарама-қаршиликни тўхтатувчи Ғазо секторидаги шиддатли урушни тўхтатишга эришиши керак».