Нима учун Ўзбекистонда YouTube монетизациясига чеклов қўйилган бўлиши мумкин?
Ўзбекистонда яқин келажакда YouTube монетизациясига қўйилган чеклов олиб ташланиши мумкин. Бу ҳақда 29 июнь куни Ёшлар фестивали доирасида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро стартапларга бағишланган анжуманда маълум қилинди, дея хабар бермоқда “Дарё”.
Айтилишича, Ўзбекистонда YouTube монетизациясини ёқиш бўйича барча ишлар олиб борилмоқда. Платформанинг раҳбарига ҳам бу масалада мурожаат қилинган.
“Бизда мазкур масала кўриб чиқиш жараёнларида турибди. Бу қанча вақт олишини айтолмаймиз”, — деган жавоб келган YouTube маъмуриятидан.
Ёшлар ишлари агентлиги мазкур масалада Ўзбекистон тарафига амалий кўмак беришлари учун бизнесни ривожлантириш ва монетизация технологияси YouTube, Skype ва Google компанияларининг собиқ мутахассиси Ян Вичерс (Германия) ҳамда Elpislab асосчиси Анастасия Лйкоавни Тошкентга таклиф қилган.
Тадбирда иштирок этган Ян Вичерс нима учун YouTube Ўзбекистондаги монетизация чеклов қўйгани юзасидан ўзининг шахсий фикрларини айтиб ўтди.
«Биринчидан, яхши контент етишмаётгандир. Иккинчидан, бу қонунчиликка боғлиқдир. Сабаби талаблар ўзгармоқда. Шунинг учун монетизацияни ёқиш қийин кечаётган бўлиши мумкин», — деди Ян Вичерс.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йил Шерзод Шерматов Apple, Google, Meta ва бошқа компаниялар билан музокаралар олиб бориш учун АҚШга борган эди. Учрашувда IT компанияларнинг Ўзбекистоннинг ички бозоридаги иштирокини кенгайтириш, юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш, онлайн платформалар фойдаланувчилари учун монетизация воситаларидан фойдаланиш, ушбу соҳадаги хизматлар экспортини ошириш масалалари ҳам муҳокама қилингани айтилганди.