Ангренда аҳолидан чиқиндилар сотиб олинмоқда
Ангрен шаҳри «Нурчи» МФЙда жойлашган «Zero waste» давлат хусусий шериклик битими асосидаги санитар тозалаш корхонасига қарашли ҳудуд аҳолисига хизмат кўрсатувчи замонавий чиқинди йиғиш шохобчасида қурилди.
Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, бу ерда республикада илк бор илгари сурилаётган — аҳолидан қайта ишланадиган чиқиндиларни харид қилиш тажрибаси йўлга қўйилди.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 4 январдаги «Чиқиндиларни бошқариш тизимини такомиллаштириш ва уларнинг экологик вазиятга салбий таъсирини камайтириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида» фармонига мувофиқ, 2024–2026 йилларда – вилоятдаги чиқиндиларни «қайта ишланадиган», «қайта ишланмайдиган» ва «озиқ-овқат» тоифаларига саралаган ҳолда йиғиш бўйича тажриба ўтказилиши ҳамда ушбу турдаги чиқиндиларни йиғиш учун алоҳида пакетлар аҳолига бепул берилиши, шунингдек, кўп қаватли уйлар жойлашган ҳудудларда чиқинди йиғиш майдонларида «қайта ишланадиган» тоифага мансуб чиқинди турлари аҳолидан сотиб олиниши белгиланган.
Таъкидлаш жоизки, замонавий чиқинди йиғиш шохобчаси қурилишида, асосан, чиқиндига айланган юк ташишга мўлжалланган контейнерлар, шиша идишлар каби фойдаланишдан чиқарилган хомашёлардан фойдаланилган.
Чиқинди йиғиш майдончасини электр билан таъминлаш учун қуёш панеллари ўрнатилган. Шохобчада ишчи-хизматчи яшаши ва ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган.