Макрон мағлуб бўлди
Кеча, 30 июнь куни Францияда парламент сайловларининг биринчи босқичи бўлиб ўтди. Овоз бериш натижаларига кўра, ўта ўнгчи “Миллий бирлик” партияси 34,2% овоз билан етакчилик қилмоқда. Чап қанот коалицияси “Янги халқ фронти” 29,1% овоз тўплаган бўлса, иқтидордаги президент Эммануэль Макроннинг партияси эса 21,5% овоз билан 3-ўринни банд этган.
Агар “Миллий бирлик” кейинги турда ҳам ўз натижаларини сақлаб қолса, парламентдаги 240 дан 270 тагача ўринга эга чиқиши мумкин.
Бундан ташқари, “Янги халқ фронти” етакчиси Жан-Люк Меленшон сайловлардан кейин Франция бош вазири Габриэль Атталь курсисини бўшатишга мажбур бўлишини айтиб ўтган.
Францияда сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилингач, мамлакатда митинглар бошланди. Парижнинг марказий кўчаларида юзага келиши мумкин бўлган тартибсизликларнинг олдини олиш мақсадида полиция сафарбар қилинган.
Биринчи турда ғолиб аниқ бўлмаган округлар учун сайловнинг иккинчи босқичи 7 июлга белгиланган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 9 июнь куни бўлиб ўтган Европа парламентига сайловларда президент Макроннинг “Ренессанс” партияси ўта ўнгчи мухолифатга ўз ўрнини бой берган. Бунинг ортидан эса президент навбатдан ташқари сайловлар ўтказилишини эълон қилган.