Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (2-қисм)
Шомурод ҳиринглаб кулди.
— Маразнинг боласи, шу туришидаям пул деса, жонидан ҳам кечиб юборади, — деди ва Ўткирга гап қотди, — қалайсан, сал-пал ўзингга келдингми?!
Ўткирнинг оғзида кичкина шланка бор эди. Сўзлаёлмасди. Шу боис бошини қимирлатиб қўйди.
— Иш тутма, ҳали отдай бўлиб кетасан. Лекин шу умринг қамоқда чириб кетади, менга ўхшаб. Чунки бу ердан сенга ўхшаган бойлар чиқиб кетишмайди. Бор-будини бу ердагилар худди канадай сўришади…
Ўткирнинг ёдига энди бойликлари тушди. Унинг шаҳарда бешта данғиллама ҳовлиси бор. Юздан зиёд «Дамас»и бор. Қуйма олтинлари тоғда. Америкадаги ҳисоб рақамида саксон миллион доллари бор. Хотини бир эмас, учта. Уларга маишат учун уйланмаган. Уларнинг болаларини боқиш учун уйланган. Ўзининг хотинида бешта бола. Қолганларида олтитадан… Улардан иккитаси Ўткирнинг, қолганлари бошқаларнинг фарзанди. Уларнинг ҳақиқий оталари аллақачон ўлиб кетишган. Биттаси Россияга кетиб, қурилишда ишлаб, томдан тушиб ўлган. Иккинчиси шу ерда, касал бўлиб ўлган. Оқ қон касал. Бировлар буни «қон раки» ҳам дейди…
Ўткир ароқ заводининг хўжайини эди. Заводни қўшма корхонага айлантирди. Кипрдан битта фирма бир томондан, бу ёқдан «Анҳор» фирмаси қўшилди… Аслида, униси ҳам, буниси ҳам унинг ўзига тегишли эди… Унинг ўзи ароқдан нафратланарди. Заводга худди биров ортидан итаргандай зўрға келарди… «Мен кўп пул тўплайман-да, кейин заводни ташлаб, тоза иш билан шуғулланаман», дерди…
Эшик яна шарақ-шуруқ этиб очилди. Ҳушсиз Абдуқаюмни олиб келишди. Каравотга ташлашди. Унинг лабида қон йўқ эди. Юзи оппоқ эди. Нафас олаётгани билинмасди ҳам. Гўё ўлик эди. Уни келтирганлар тез-тез юриб хонани тарк этишди.
Шомурод ўрнидан турди. Унинг тепасига борди. Энгашиб бурнига қулоқ тутди. Кейин кўксига бошини қўйди ва қўрққан кўйи қаддини ростлаб Ўткир томонга қаради ва лаблари титраб:
— Ўлиб қолганга ўхшайди, — деди…
Кейин қалтираганча каравотининг ёнига бориб, бошини кафтлари орасига олди. Ўткир эшитадиган қилиб пичирлади. «Мен ўлдирдим!.. Мен ўлдирдим!..» Сўнг илкис бошини кўтарди ва шифтга термилганча ётган Ўткирга тикилди. Ўрнидан туриб бир-бир қадам босганча унинг тепасига келди.
— Сен бирор нимани кўрдингми? — деди.
— Йўқ, — дея жавоб берди Ўткир хаста товушда.
— Эшитдингми?
— Йўқ.
— Узоқ яшайсан. Тилингни маҳкам тишла. Зонада ўртоқларим жуда кўп. Агар гулласанг, битта ишорам билан сени чавақлаб ташлашади…
Ўткир унинг башарасига нафрат билан тикилди. «Агар салгина жоним бўлганида эди, ҳеч қурса, туришнинг имконини қилолганимда бунақа қоқ суякларни бир уриб бир ёқли қилиб қўярдим…» дея кўнглидан ўтказди.
Шомурод ўзининг каравотига қайтишдан олдин Абдуқаюмга қаради ва унинг жағи қийшайиб қолганини кўрди. Бирдан титраб кетди-да, эшикка югурди. Кучи етганича урди. «Ўлиб қолди! Ўлиб қолди!..» дея жони борича бақирди. Худди шу пайт унинг йўтали тутди… Гурс-гурс йўталганча икки букилиб қолди… Ва тебрана-тебрана, йўтала-йўтала баттар эгилиб каравотига бориб ўтирди. Шунда ҳам йўтали тўхтамади. «Бундан бу ёғи сохта», ўйлади Ўткир ва секин у томонга қаради. Шу билан бирга Абдуқаюмни ҳам кўрмоқчи эди… Шомуроднинг оғзидан чиққан қонни сочиққа артаётганини кўрди. Бироқ Абдуқаюм унинг бош тарафида бўлганлиги сабаб, унинг оёқларидан бошқасини кўролмади…
Эшик Шомурод тақиллатганидан кейин бирор беш дақиқа ўтиб очилди. Ҳарбий кийимдаги йигит кириб келди. Ҳали-ҳамон ўқтин-ўқтин йўталаётган Шомурод унга қўли билан Абдуқаюмни кўрсатди. Ҳарбий кийимдаги йигит мурданинг тепасига борди ва шу заҳоти ортига қайтди. Орадан яна бир муддат ўтиб, тўрт-беш киши камерага кириб келди. Ораларида оқ халатлилар ҳам бор эди. Улар Абдуқаюмнинг ўлган-ўлмаганини текширишди. Кейин қаддиларини ростлашиб, ўзлари билан бирга келганларга «жонсиз», дегандай бошларини чайқашди…
Одам эмас, қандайдир ҳайвон, маймун ўлгандай эди. Абдуқаюмни биттаси оёқ томонидан, биттаси қўлтиғидан ушлаб кўтарди. Унинг иккала қўли икки томонга осилди. Шу аҳволда кўтариб чиқиб кетишди. Бу манзарани кўрган Ўткирнинг ичидан зил кетди. «Бир куни менинг бошимга ҳам худди шу кун тушиши мумкин. Бир куни мени ҳам худди шундай қилиб олиб чиқиб кетишади. Менинг ўлганим билан итнинг ҳам иши бўлмайди… Нима қилиб бўлса ҳам, сир бой бермаслигим керак. Нима қилиб бўлса ҳам, пулларимни беришни чўзишим керсак. Иложи бўлса, бермаслигим керак. Шунда обрўм бўлади. Шунда улар мени ўлдириб юборишдан чўчишади… Йўқса, мана аҳвол. Ҳеч вақоси йўқ эди, бировга керак бўлмади… Керак бўлганида асрашга ҳаракат қилишарди… Мана, мен тирикман-ку. Бўлмаса оз мунча жойим синганмиди?.. Ҳозир, энди-энди хотирам тикланаяпти… Иккита эди улар… Лекин ҳеч нимадан-ҳеч нима камерага киришиб, тепиб ташлашди… Агар омон қолсам, бунинг, албатта, тагига етаман. Анави иккитани топаман… Қарзни қиёматга қолдирмайман», дея хаёлидан ўтказди…
— Уни нафси ўлдирди, — деди Шомурод камерада Ўткир иккаласи қолганида, — мен унга керак эмас, дедим… Менга қара, сен ҳақиқатан ҳам, бой одаммисан?
— Билмадим, — деди Ўткир ётган жойида, — асл бойликларимдан айрилганман…
— Кўпмиди?! — дея сўради Шомурод Ўткирга тикилиб… Унинг кўнглига ҳам шайтон «меҳмон» бўлиб келган эди.
— Кўп ҳам гапми? Агар бутун дунёнинг бойликларини йиғиб келсанг, тенг келолмасди.
— Йўғ-э?!
— Ҳа!..
— Қаерга яширгандинг?..
— Яширмагандим. Очиқ эди. Ана улар кетганидан кейин бошимга кулфатлар ёғила бошлади. Чунки ҳар куни эрталаб ёнига борардим. Дуо қилиб қўйишарди. Кўнглим тоғдай бўлиб, ҳеч нарсадан қўрқмай, бировни писанд қилмай юраверардим. Нимага қўлимни урсам, барака топардим…
— Тушунмадим гапларингга?!
— Нега тушунмайсан?.. Ота-онамни айтяпман. Аввал отамдан айрилдим. Бир йилдан кейин онамдан…
Шомуроднинг эти жимирлаб кетди. У бош фарзанд эди. Укалари тўртта эди. Ота-онамга укаларим қарашади, деб таралла-бедод қилиб юраверарди…
— Ҳа-а, — деди у хўрсиниб ва каравотига узала тушиб ётди. Бир муддат хаёл сурди, сўнг сўзлади. — Лекин Абдуқаюмнинг ўлимида сенинг ҳам қўлинг бор.
— Нега? — сўради Ўткир.
— Сенинг бойлигинг ҳақида кимдан, қачон эшитган, билмайман. Аммо тинчини йўқотиб қўйди. Қара, сендан бирор нима ундиришни мақсад қилганди. Мақсадига етолмади. Ўлиб кетди…
«Ҳали бу бойликларим кўпнинг бошига етадиганга ўхшайди. Ҳали кўпи шунинг устида ўлиб кетади… Аммо мен омон қоламан. Чунки бойликларимни яхши кўрмайман. Чунки улар ҳаром. Ҳаромдан келган нарса ҳаромга кетишини биламан…», дея кўнглидан ўтказди…
Шу куни уни яна икки марта овқатлантиришди. Эртасига эса терговчи келди. Асосан, Шомуродни сўроқ қилди. Абдуқаюм қандай йиқилди. Йиқилишдан олдин бирор нима дедими? Сен билан тортишиб қолмадими? Қасдинг йўқмиди ва ҳоказо… Шомурод унинг саволларига жавоб бергунича бир неча марта йўталди. Оғзидан қон оқди. Оғзидан оққанини артиш баҳонасида қонни терговчига кўрсатди…
Афтидан терговчи унинг кўрсатмаларига тўла ишонди. Аслида, унинг ўзига шундай гаплар керак эди. Чунки бу арзимас ишни эртароқ ёпиши керак эди. Бўлмаса, манави ўпка касал билан кўп гаплашиши ва бунинг оқибатида дардни орттириб олиши мумкин эди…
У бошқа қайтиб келмади… Олган маълумотларининг ўзи етарли бўлди. Аммо Шомуродни олиб кетишди. Унинг касали кучайиб кетган эди. Умуман гапиролмай қолди, ҳисоб. Ҳатто овқатини ҳам минг марта йўталиш, оғзидан қон оқиш билан ерди, бор-йўғи бир-икки қошиқ. Қолганини ейишга унинг кучи етмас эди. Ранги бўзариб, кўкариб кетарди!.. Худога нола қиларди! «Художон, тавба қилдим! Тавба қилдим!.. Жонимни олгин! Жонимни!..»
Ўткир унга қараб эзиларди. Ўзининг аҳволи эсидан чиқарди. Агар менинг ҳам бошимга унинг куни тушса, нима қиламан, дерди… Сўнг «У билан битта камерадаман. Ундан чиқаётган вируснинг ҳаммаси бутун камерани эгаллаб олган, ҳатто овқат берадиганлар, биздан хабар оладиганлар ҳам ниқобли… Менда бўлса, ҳимоя йўқ. Қайтага бутун жисму жасадим жуда ожиз… Унинг ҳам ўлишини исташаётганга ўхшашади. Мен унинг нега қамалганини билмайман. Аммо шуниси аниқки, ҳеч кимга кераги бўлмай қолган… Бир куни менинг ҳам бировга керагим бўлмайди. Очиқда мен зарур бўлиб турган одамлар бор. Ҳеч қурса оиламдагилар», дея ўйлади…
Шомуродни олиб кетишгач бутун камерани дорилаб кетишди… Шундан кейин ҳам бир ҳафта мобайнида шифокорлардан ва овқат берувчилардан бошқа ҳеч ким келмади.
Ундан кейин эса терговчи келди. Иржайиб-тиржайиб папкасини кўтариб келди.
— Қалайсиз, Ўткир ака? — деди ва стулни Ўткирнинг каравоти ёнига олиб келиб ўтирди.
— Маза қиляпман, ё-о-отибман еб-ичиб!..
Терговчи ҳиринглаб кулди. Кейин:
— Ишқилиб бекорчилик жонингизга тегмадими?! — деди дўриллаган овозда.
— Тегди. Текканда ҳам унақа-мунақа эмас, роса тегди!.. Анавилар бор-ку, менинг суякларимни майда-майда қилиб ташлаганлар…
Терговчининг шу заҳоти қовоғи осилди.
— Ким?! Нимани гапиряпсиз?! — деди пўписа билан.
— Кўчани, укагинам, кўчани!..
— Мен сизнинг гўрдан чиққан укангизманми?!
— Гўрданмас! Сиз сира гўрдан чиққан одамга ўхшамайсиз, ишонаверинг… Лекин гапимни бўлмай туринг-да. Ҳалиги кўчадаги болалар бор-ку… Аслида-чи, бизнинг кўчаларда умуман безори йўқ. Одамлар шундай маданиятли бўлиб кетишганки, ҳақорат нималигини билишмайди. Бировга қўл кўтаришини айтмаса ҳам бўлади. Менинг ўзимнинг томим кетган-да. Менинг ўзим аҳмоқ бўлиб, гангиб, қўшни давлатга ўтгандим. Шу ёқда писта бор, деса, кетаверибман. Ўзимизда писта тиқилиб ётибди. Тур-тури билан турибди. Лекин мен жинни, мен аҳмоқ… Очиғини айтганда, мендан бошқа ҳамма соғлом бўлса керак… Хуллас, шу ёққа борганимда иккитаси тепкилаб ташлади-да, билмайман, нима балолар билан уришган?.. Ишқилиб, суякларим синиб кетган эмиш… Ҳалиям ўзимизникилар маладес, бориб олиб келишиб, синган жойларимни тўғирлашиб, гипс қилиб қўйишди. Бунинг устига, кунига овқат беришади. Олдинига шланкада овқат еяётган эдим. Охирги пайтларда жағим ишлаб қолди… Шу айтмоқчи бўлганим, ўша болаларнинг олдига яна бир борсаммикан, тепиб-тепиб ташлашса, ўзимдан кетиб ётсам, ана шунда зерикиш нималигини билмасдим-да, — деди Ўткир.
(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)