Трамп Оқ уйдаги ҳаракатлар учун қисман иммунитетга эга
АҚШ Олий суди собиқ президент Дональд Трампни Оқ уйда қилган ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилишдан қисман дахлсиз деб топди. Бу қарор Трампнинг 2020 йилги сайлов натижаларини бекор қилиш учун фитна уюштирганлиги юзасидан суд жараёнини кечиктириши ва унга қарши бошқа ишларга ҳам таъсир қилиши мумкин, деб хабар беради BBC.
Суднинг нонсерватив раиси Жон Робертснинг таъкидлашича, президент ўз лавозимида содир этган расмий хатти-ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилишдан «мутлақ иммунитет»га эга. Дахлсизлик норасмий хатти-ҳаракатларга нисбатан қўлланилмайди ва айбловлар расмий ёки норасмий ҳаракатларга алоқадорлигини аниқлаш учун иш қуйи судга юборилади.
Трамп бу қарорини демократия ғалабаси деб атади ва ўзининг ижтимоий тармоғида америкалик эканидан фахрланишини ёзди. Уч нафар либерал судья бу қарор президентлик институтини ўзгартиради ва демократияга таҳдид солади, дея норозилик билдирган.
Президент Жо Байден буни хавфли прецедент ва қонун устуворлигини бузиш деб атади ва ҳеч ким, ҳатто президент ҳам қонундан устун эмас, деди.
– Бу мамлакат Америкада қироллар йўқ деган тамойилга асосланган. Қонун олдида ҳаммамиз тенгмиз. Ҳеч ким, ҳеч ким қонундан устун эмас, ҳатто АҚШ президенти ҳам. Бугунги қарор деярли, албатта, президент қила оладиган нарсада деярли ҳеч қандай чегара йўқлигини англатади. Ўша оломонни Капитолийга юборган одам ўша куни содир бўлган воқеа учун жиноий жавобгарликка тортилган эди. Америка халқи бўлажак сайловлар олдидан ўз жавобини судда олиш ҳуқуқига эга. Энди, бугунги қарор туфайли, бу жуда ва жуда даргумон бўлиб қолади, – деди Байден душанба оқшомида телекўрсатувда.
Февраль ойида Олий суд Трампнинг сайлов натижаларини бекор қилишга қаратилган иш бўйича дахлсизлик ҳуқуқига эга эмаслиги ҳақидаги қарор устидан шикоятини кўриб чиқишга рози бўлди. Махсус прокурор Жек Смит апелляция жараёни кечиктирилишидан қўрқиб, суддан аралашувни сўради. Суд мажлиси дахлсизлик тўғрисида қарор чиқарилгунга қадар қолдирилди.