Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (3-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Гуноҳкор” (3-қисм)

Унинг ўпкаси тўлиб турганди. Сўкиб юборишдан ўзини зўрға босди. Қовоғи осилган терговчи эса миқ этмасдан кўзларини лўқ қилиб, унинг гапларини охиригача эшитди. Ўткир сўзлашдан тўхтаганидан кейин эса томоғини қириб, эшик томонга қараб қўйди… Ва ўта фаросат ва маданият билан чирт этказиб ерга тупурди. Тупуриши бирам чиройли эдики, унинг ўзининг башарасига тупургинг келиб кетади!..

— Қарасам, — деди бу сафар терговчи хунук иржайиб, — жа кайф қилаётганга ўхшайсиз. Ҳақиқатан, ўша болаларнинг ёнига боришни истаётган бўлсангиз, бемалол. Бир оғиз гап. Ҳатто бориб ўтирмайсиз, ўзлари келиб жойингизни солиб кетишади!..

— Менга қаранг, исмингиз нима эди? Келдингиз, ўтирдингиз. Формангизга қараганда капитансиз. Капитанлигингизнинг ўзиёқ кўп иш қилганлигингизни билдириб турибди… Гап бундай, ака, шу қийналиб юргандан ҳая-ҳуд, деб ўлворсамми, дейман…

— Осонгинами?!

— Энди, ҳурматли капитан. Ҳали ўлиб кўрмадим. Шундай экан, ўлиш осонми-йўқлигини билмайман. Лекин битта-иккитанинг ўлганини кўрганман. Узоғи билан икки секунд…

— Аммо сизники бундай бўлмайди, хавотир олманг… Болалар шошиб қўйган экан… Ишни тезлаштириб юборишибди. Эндигиси жуда секин бўлади. Тирноғингиз шунчалик секин суғуриб олинадики…

— Бўлди, бўлди, ака, бошқа ундай деманг. Болалигимда бир марта тирноқ оғриғига дуч келганман. Сигирни ўтлоққа олиб бориб, қозиғини қоқаётгандим. Нимадир жин уриб, тошни бармоғимга уриб юборганман!.. Эсласам ҳали-ҳамон бутун танам зирқирайди!.. — дея Ўткир бошини сарак-сарак қилди.

— Жуда яхши бўлган экан-да. Ҳозирданоқ нима бўлишини биларкансиз… Энди айтинг, чет элнинг қайси банкига қанча пул ўтказгансиз?..

— Буни билиш жуда осон, акажон!..

— Мен сизга акажон эмас, Холмўмин Эшқуловман!.. Терговчи, капитан Холмўмин Эшқулов!..

— Ана, энди гапириш осон-да! Ҳурматли ва биз учун қимматли!..

Капитан бирдан Ўткирнинг билагидан ушлаб сиқди.

— Майнабозчиликни йиғиштир, ҳаромхўр! — деди ғазаб билан. — Саволларимга аниқ-тиниқ жавоб бер! Йўқса, онангни кўрсатаман!..

Ўткирнинг ғазаби уникидан икки баробар ошди. Илло, шу пайтгача унга биров бурнидан баланд гапирмаган эди… Ҳаттоки дўппослашганида ҳам гап-сўз қилишмади. «Қўйиб, қўйиб» юборишди. Кейин нима дейишди, нима қўйишди, Ўткир эшитмади…

— «Альфа банк»ка пул ўтказганман. Шундай ҳисобчимга борсанг, ҳаммасини сенга кўрсатади!.. Нима мақсадда ўтказилган, қанча ўтказилган?!

— Ҳмм, ҳали шунақами?! Яхши. «Альфа»га ўтказганингни уриб қўй. Менга Америкадаги пулларингдан гапир!..

— Ярмини берайми?! Америкада пулим жуда кўп. Агар ўлиб кетсам, банкнинг фойдасига қолади. Унга мендан бошқа ҳеч ким тегинолмайди. Қалай, сенга ярмини бераман, шу билан олам гулистон, сен ҳам хурсанд, мен ҳам!..

— Нима, мени сенсираб ҳаддингдан ошмаяпсанми?!

— Сенсирамай ота, дейми, ёшинг менинг боламдан уч-тўрт ёш катта бўлса!..

— Америкада қанча пул бор?! — деди капитан Эшқулов.

— Айтсам ишонмайсан, бутун уруғ-аймоғингга етади!..

— Сен мени ким деб ўйлаяпсан?! — дея ўрнидан туриб кетди капитан.

— Ҳеч ким, деб! Шунинг учун гапириб ётибман ҳар балоларни!.. Агар биров ким деганимда ҳеч вақо демасдим!.. Зекингдан тортиб фаррошинггача, «Сен бой экансан, сенинг пулинг кўп экан», деяверганидан кейин нима дейишим керак эди?! Нима дейишимни кутаётгандинглар?! Қонимга ташна қилиб юбординглар-ку! Ундан кўра, бир уринглар ёки пешонамдан «тарс-турс» отиб ташланглар, ўлиб қутулай шу сўроқ-саволларингдан! — дея бақириб юборди Ўткир.

— Тушундим! Шаллақилик қиламан хотинларга ўхшаб, шундан кейин менга биров тегинмайди, деб ўйлаганмидинг?! Билиб қўй, сенинг умринг қамоқда чирийди. Шунчаки чиримайди, жуда оғриқли чирийди! Ҳамтовоқларинг аллақачон ҳамма кўрсатмаларни бериб бўлишган!.. Минг чирансанг ҳам жазодан қутулиб қололмайсан…

Ўткир гапирмади. Кўзларини юмди. «Онам айтарди, болам шу ароқ чиқаришни қўй. Бошингга бало бўлади. Бир куни ундан еганларингни қусасан, ёмон қусасан», дерди… Мен қулоқ солмадим. Чунки ҳамма мени ҳурмат қиларди, соямга салом берарди. Ҳаммасини пул билан ёпиб кетаман, дердим. Адашган эканман», дея хаёлидан ўтказди.

Терговчи қайтиб жойига ўтирди. Ва яна энди савол бермоқчи бўлганида Ўткирнинг ўзи гап бошлади.

— Барибир, айтганларимга ишонмайсанлар. Нима десам ҳам кўнмайсанлар. Шундай экан, бўладиганини гапиринглар. Розиман…

— Битта гапни айтиб қўяй, ҳаммасини бўйнингизга олсангиз, ишингиз осон бўлади. Қози ҳам бўйнига олибди, афсусда экан, деб жазонинг енгилидан беради… Лекин, барибир, қамаласиз. Гап сизни қанча муддатга қамалишингизга боғлиқ. Боя қизишиб кетиб, сенлаб юбордим, бунинг учун узр… Ишингизга яхши одамлар аралашган… Бошладикми?!

— Бошладик…

Ўткир капитан нима деб сўраса, ҳаммасига жавоб бераверди… Тўғрироғи, оғзига келган гапни айтаверди. «Барибир, қамалиб кетарканман. Шундоқ экан, нима фарқи бор», деди…

Терговчи унинг имзосини қоғозларга қўйдириб олганидан кейин хурсанд бўлганча чиқиб кетди…

«Жиноятчилар оламига хуш келибсан!» деди Ўткир ўзига-ўзи…

Ўткирнинг кўзидан ёш оқди. Шунча довдиради. Керак бўлса, капитаннинг терговчи эканлигига қарамай, тақдири айнан шунга боғлиқлигига қарамай ҳар балоларни гапирди. Кейин жаҳл устида йўқ жойдаги айбларни ҳам бўйнига олди… Ҳа, у ҳаром иш билан шуғулланганди. Шундай ишни қилиш унинг чекига тушган эди. Лекин бу дегани қаёқдаги айбларни ҳам қилдим, дегани эмас-ку…

У кўзини юмиб бир соатлар ётганидан кейин адвокат келди. Ўткир уни танимас эди. Биринчи марта кўриб турганди. Ўзи келиб таништирди ўзини.

— Мен Саттор Темировман, ака. Бугундан сизнинг адвокатингизман. Аслида, бир ҳафта олдин тайинлангандим. Ўтган кунлар мобайнида сизнинг «ишингиз» билан танишиб чиқдим, — деди у…

— Ёруғлик борми? — сўради Ўткир хаста овозда.

— Ака, любой қоронғиликнинг бир четида ҳеч бўлмаса битта милт этган нарса бўлади. Ўшани ёндириб юборсак, олам гулистон-да! — дея иржайди адвокат. — Аммо ишингиз ниҳоятда оғир. Кейин хабариям узоқларга кетган. Бундан ташқари, бутун шаҳар эшитган. Ҳамма қулоғини динг қилиб турибди…

— Бунисини биламан, Саттор ака…

— Ана шу билган нарсаларингизнинг ҳаммаси юк-да… Сизнинг ёнингиздан чиқиб кетган терговчи билан гаплашдим. Хў-ўш, масалани чигаллаштирмай тўғри қилибсиз. Лекин бир-иккитасини ўтказиб юборибсиз… Бироқ тўғриласа бўлади… Бугун мен сиздан ҳеч нима сўрамайман. Шундоқ ҳам чарчагансиз. Дўхтирлар айтишди. Зўриқтириш мумкин эмас экан… Фақат шартномага қўл қўйиб берсангиз бўлди.

— Неча пул? — деди Ўткир унинг кўзига тикилиб.

— Оти дунёмиди, ака, сизга битта «пуф». Долларга чаққанда бор-йўғи 5 минг доллар…

Ўткир ётган жойида кулди:

— Ҳа-а, битта «пуф» экан, лекин менинг ҳозир ўзимдан бошқа ҳеч вақом йўқ…

— Ака, — деб эшик томонга қараб қўйди Саттор, — Маҳкам деган укангиз бор экан. Терговчилар атайлабдан тегинмадик унга, дейишди. Уларнинг гапларига қараганда сизнинг ўнг қўлингиз бўлган экан. Ҳозир ҳам келаётганимда дарвозанинг ёнида кўрдим. Қўли кўксида турибди. Нима иш бўлса, бажараман, дейди. Машинасининг юкхонаси тўла егулик…

Шу гапларни эшитиши билан Ўткирнинг кўзидан ёш оқди. Лаби титради…

— Қўйинг, ака, сизга ярашмайди. Бунақа бош оғриқлар кимларнинг бошига тушмайди, дейсиз. Беайб — Парвардигор… Иссиқ жонмиз, бир хил пайти иссиғимиз чиқади, баъзида совуқлигимиз ошиб кетади… Хуллас, ўша укангизга битта хатча ёзиб берасиз, олам гулистон… Мен ҳам, аслида, бундан бу ёғига сизнинг укангизман…

— Менга қаранг, Саттор, камерани алмаштиришнинг иложи йўқми?..

Саттор кўзини камера деворларига қаратди. Бир бошидан ҳаммасини кўриб чиқди.

— Ҳа-а, сизга ярашмайди бу жой. Мен каттаси билан гаплашаман…

Саттор ич-ичидан хурсанд бўлган эди. Сабаби, пул қилиши учун яна битта имконият эшиги очилди… Керак бўлса, камерани алмаштиришга шартномадагидан ҳам кўпроқ олиши мумкин…

Саттор Ўткир ўйлаганидан ҳам бир неча баробар чаққон чиқиб қолди. Саттор кетиб орадан ярим соат ҳам ўтмасдан Ўткирни кўтариб бошқа камерага ўтказишди. «Ака, ҳурматингиз юксак. Сиз учун камера тўла таъмирланяпти. Лекин ўзингиз яхши биласиз, ҳеч нима ўз-ўзидан бўлиб қолмайди. Қолаверса, битта сизнинг камерангиз таъмирланса, ола қарғага ўхшаб қолади. Текширгани келганларда шубҳа пайдо бўлади. Шунинг учун ўн бешта камерани бир йўла таъмирлайдиган бўлдик», дейишди. Ўткир «Кимнинг пулига», деб сўрамоқчи бўлди-ю, тилини тишлади.

Ўткирнинг каравотига янги, оппоқ чойшаблар тўшашди. Кўрпасини ҳам алмаштириб беришди. Берилаётган овқат ҳам ўзгарди. Аммо Ўткирнинг ичи зулматлашди. «Булар укамдан қанча пул олди экан?» деган ўй миясига ёпишиб олди… Кейин «Пулларнинг менга ёрдами тегмаса нима қиламан бир жойга тўплаб, ҳаромдан келганди, ҳаромга кетяпти… Эй-й, шошма, ўн бешта камера бўлгани, маъқул. Чунки менга ўхшаганлар қанча. Ўшалар сал одамга ўхшаб ётишади», дея кўнглидан ўтказди.

Унинг столида банан, лимон, мандарин пайдо бўлди. Кабоб келтиришди. Ош ҳам дамланадиган бўлди…

Бу ёғи Сатторбой кунда икки марта келиб кетади. Ташқарида бўлаётган гапларни етказиб туради.

— Ака, — деди бир сафар пичирлаб, — сизнинг пулларингизни тортиб олиб, топширтиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Ҳаммасига бериб турсангиз бўлди. У ёғи… Бу ернинг номини қамоқ демасангиз, яшашингиз, ташқаридагилардан минг марта афзал.

— Сатторбой, бу бизнинг камералар таъмирланиб, катталарники қолиб кетса, хафа бўлишмасмикан?!

— Эй-й, ака, укангиз сиздан ҳам ўтган тадбиркор экан. Таъмирни биринчи навбатда катталарникидан бошлаттирди! Офарин!.. Калласи ишлайди. Ҳозир ишчилар ишлаб ётишибди. Иккита группа. Биттаси бу томонни, иккинчи группа нариги томонни.

— Яхши. Агар иш яхши кетаётган бўлса, мени оқлаб юборишар!..

Ўткир шундай дейиши билан Сатторнинг юзидаги табассум йўқолди.

— Бунисининг иложи йўқ, ака. Очиғини айтяпман. Ишингиз ҳов баландгача етиб борган. Пастдагилар сизни оқлашга қўрқишади. Шунинг учун хизматларингиз эвазига шароитни яхшилаб беришмоқчи. Муҳими, жонингизнинг қийналмаслиги. Мен бу нарсани укангизга ҳам айтдим…

 

(Асардан парчанинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: