Ҳинд эри ўғлини ўғирлаб кетган, кавказлик эри ёллаган тансоқчилар унинг ким билан ўпишиб кўришганигача унга етказиб турган… Бу хонанда кимлигини биласизми?
Асли тошкентлик Оксана Нечитайло мухлисларига Согдиана тахаллуси билан таниш. У 2000 йилда “Менинг кўнглим” дебют альбоми чиққандан кейин танила бошлайди. 2006 йилда Согдиана Россиянинг “Юлдузлар фабрикаси” лойиҳасининг олтинчи мавсумида иштирок этганидан сўнг машҳурлиги кескин ошиб кетади — “Овора бўлма”, “Нетай”, “Менинг шаҳзодам”, “Юрак маҳзун” каби қўшиқлари ҳамма жойда янграйди.
Согдиананинг суратларига қараб 40 ёшда эканига ишониш қийин. У шунчалик ёш кўринадики, уч фарзанднинг онаси деб ўйламайсиз.
Унинг ҳаёти ва ижоди ҳақида «Daryo.uz» батафсил маълумот берди.
Болаликдан мусиқага муҳаббат
Согдиананинг ҳақиқий исми — Оксана Нечитайло. Шарқона кўриниши ва ажойиб тахаллусига қарамай, у украин миллатига мансуб. Оксана 1984 йил 17 февралда Тошкент шаҳрида туғилган. Унинг оиласи ҳарбий хизматчи бўлган бобоси туфайли Ўзбекистонга келиб, қўним топган. Черков хорида қўшиқ куйлаган бувиси неварасида мусиқага, қўшиқ айтишга меҳр уйғотади.
Оксана болалигида расм чизиш ва рақсга қизиққан, шунингдек, консерватория қошидаги ихтисослаштирилган мактабда фортепиано бўйича таҳсил олган. 14 ёшида у Бутунроссия пианиночилар танлови лауреати бўлади. Бундан ташқари, у вокал билан жиддий шуғуллана бошлайди ва 1999 йилда профессионал қўшиқчилар ўртасида машҳур “Садо-99” қўшиқлар танловида совриндор бўлади.
Оксана Нечитайло мактабни тугатгач, Ўзбекистон давлат консерваториясининг эстрада бўлими факультетига ўқишга киради. Уни ютуқлар узоқ куттирмайди: Оксана “Менинг юртим куйлари” республика эстрада хонандалари танлови лауреати бўлади. Бир йилдан сўнг Санкт-Петербургдаги “Юлдузларга йўл” эстрада қўшиқ ижрочилари халқаро танловига йўл олади.
Хонанда Болгария ва Италиядаги фестивалларда ҳам ўз истеъдодини намоён этади. У 17 ёшида ўзбек эстрада саҳнасини забт эта бошлайди — рус, ўзбек ва инглиз тилларидаги қўшиқларидан иборат “Менинг кўнглим” номли биринчи альбомини чиқаради. Икки йил ўтгач, “Ниҳол” давлат мукофотига сазовор бўлади.
“Юлдузлар фабрикаси”
2006 йилда Согдиана Виктор Дробиш продюсерлик қилган “Юлдузлар фабрикаси” реалити-шоусининг олтинчи мавсуми иштирокчиси бўлади, у билан бирга Зара, Дмитрий Колдун ва Прохор Шаляпинлар ҳам бор эди. Шоуда Согдиана Лариса Долина ва Владимир Кузмин билан дуэт куйлашга муваффақ бўлади. Бироқ продюсер Виктор Дробиш унинг тахаллусини жуда ноодатий деб ҳисоблайди ва мухлислар буни эслаб қолишларига шубҳа қилади.
Шоу ижодкорлари хонандадан ҳақиқий исми — Оксанадан фойдаланишни талаб қилади, аммо қиз ўз позициясида қатъий туриб олади. Кейин Дробиш онасининг қизлик исмини қўшишни таклиф қилади — Федоринская. Аммо бир неча ҳафта ўтгач, тахаллус ҳаммага ёд бўлиб кетгани маълум бўлади.
Согдиана Дима Колдун ва Зара каби ғолиблар учлигига кирмаган бўлса-да, лойиҳада иштирок этиш унга бебаҳо тажриба ва янги имкониятлар беради. Айнан “Юлдузлар фабрикаси”да у “Юрак маҳзун” қўшиғининг рус тилидаги версияси бўлган “Сердце магнит” ҳитини ижро этади. Ноябрь ойида ушбу композиция сабаб “Олтин граммофон” ҳайкалчасини қўлга киритади.
Ҳамма биладиган, севадиган ва мен билан бирга куйлай оладиган қўшиғим борлигидан хурсандман. Кўп одамлар мени у билан боғлашади — бу жуда зўр! Қолаверса, ҳеч ким ишонмаганда мен бу қўшиққа жуда қаттиқ ишондим. Ҳамма менга бу ҳеч қачон ҳит бўлмайди, буни кўрсатиш умуман шармандалик эканини айтди. Лекин бу ҳаётимдаги ўзгача қўшиқ эканлигига ишончим комил эди ва мен ҳаракат қилишдан тўхтамадим, — дейди Согдиана интервьюларидан бирида.
“Юлдузлар фабрикаси”дан кейинги карьера
“Юлдузлар фабрикаси” лойиҳаси тугагач, Согдиананинг ҳаёти тубдан ўзгаради. Биринчидан, у шоудаги ҳамкасблари билан Россия ва МДҲ мамлакатларига узоқ муддатли гастрол сафарига чиқади, кейин биринчи рус тилидаги альбоми устида иш бошланади. Бу даврда Согдиана “Мовий осмон” (“Синее небо”) қўшиғи учун иккинчи “Олтин граммофон” ва рус оммабоп мусиқасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун Москва мерининг “Пилар” мукофотига сазовор бўлади.
2011 йилга келиб Согдиана учта альбом чиқаради (иккитаси ўзбек, биттаси рус тилида), ўнлаб мукофот ва совринларга сазовор бўлади, 12 та клип суратга олади ва Чеченистон халқ артистига айланади. Худди шу йили унинг тўртинчи альбоми — “Эдем” чиқади. 2018 йилда Согдиана Goldenlook Management Company билан ҳамкорлик қилишни бошлайди ва “Мен сени танлайман” номли янги альбомини чиқаради.
2021 йилда у “Юрак маҳзун” ҳитининг янгиланган версиясини тақдим этади, шунингдек, қўшиқчи Самира билан ижро этган Мi Amore ва “Шарқ маликаси” янги қўшиқларини чиқаради. Бундан ташқари, Согдиана Авраам Руссо билан “Нет невозможного” қўшиғини ва қозоғистонлик қўшиқчи Абдулкарим билан Eurasian Music Awards-2019 танловига номзод бўлган “Колцо” композициясини ёзади.
Ҳиндистонлик тадбиркор билан никоҳи
Согдиананинг биринчи турмуши атиги бир ярим йил давом этган. У ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи ҳиндистонлик тадбиркор Рам Говинд билан туғилган кун базмида танишган. Уларнинг иш юзасидан бошланган муносабатлари тез орада романтикага айланади.
Дастлаб Рам унга шарқона эртакдаги ҳақиқий шаҳзодадек туюлади: эри унга ғамхўрлик қилади, қимматбаҳо совғалар беради. Аммо бу давр тезда тугайди. Анъанавий ҳинд урф-одатлари бўйича ўтказилган тўйдан сўнг Рам Согдиана хонандаликдан кетишини талаб қилади. Шов-шувли ажралишдан сўнг турмуш ўртоғи уларнинг ўғли Аржунни ўғирлаб кетади. Хонанда икки ярим йил давомида боласини кўролмайди ва қаттиқ депрессияга тушиб қолади.
Вақт ўтиши билан собиқ турмуш ўртоқлар ярашишади. Согдиана Рамни кечиришга ўзида куч топа олганини тан олади — уни фарзанди учун курашган доно ва ғамхўр ота деб билади.
Ингушетиялик тадбиркор билан никоҳи
Согдиананинг иккинчи турмуш ўртоғи ингушетиялик тадбиркор Башир Куштов эди. Улар 2009 йилда турмуш қуришади ва тез орада Микойил исмли ўғил кўришади. Хонанда карьерасини вақтинча тўхтатади ва ўзини бутунлай оиласига бағишлайди. У дастлаб янги турмуш тарзини ёқтирганини тан олади, лекин вақт ўтиши билан саҳнасиз яшолмаслигини англайди.
Бу никоҳ атиги икки йил давом этади. Согдиана яна биринчи турмушида бўлгани каби муаммоларга дуч келади: эри зулмкор бўлиб, профессионал ва шахсий ҳаётини назорат қилишга интилади. Кейинроқ Согдиана ажрашишига Башир Куштовнинг рашки сабаб бўлганини тан олади. У хотинига шунчалик ишонмаганидан унга иккита тансоқчи ёллайди — улар хонандадан бир қадам ҳам ортда қолмай, кузатишади. Соқчилар Баширга саҳнада ва саҳна ортида содир бўлган ҳамма нарса ҳақида хабар беришади, ҳатто ҳамкасблари билан кўришганда юзидан ўпганини ҳам айтишади.
Вақт ўтиши билан хонанданинг сабри тугайди. Унинг сўзларига кўра, турмуш ўртоғининг доимий назорати ва рашки уни ҳаёт қувончидан секин-аста маҳрум қилган. У дўстлари ва ҳамкасблари билан учрашишни тўхтатади ва омма олдига чиқиши тобора қийинлашади.
Жиддий суҳбатдан кейин эр-хотин ажрашишга қарор қилади. Биргаликда фарзандли бўлишларига қарамай, улар кам мулоқот қилади. Согдиананинг таъкидлашича, вақт ўтиши билан барча норозиликлар унутилган, ҳозирда у собиқ эрлари билан дўстона муносабатларни сақлашга ҳаракат қилади. 2022 йилнинг баҳорида Согдиананинг иккинчи никоҳи ҳамманинг эътиборида бўлади: “сариқ” матбуот унинг собиқ эри Башир Куштовнинг фирибгарликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида хабар беради. 2023 йил ёзида Башир уч ярим йилга умумий режимдаги колонияда тўрт йиллик синов муддатига ҳукм қилингани маълум бўлади.
Учинчи яширин никоҳи
2019 йил апрель ойида хонанданинг учинчи марта турмушга чиққани унинг кўплаб мухлисларини ҳайратда қолдиради. Сал аввал Согдиана бошқа турмушга чиқмаслигини айтган эди. Маълум бўлишича, тўй бир йил аввал бўлиб ўтган. Унинг иккинчи ўғли Микойилнинг туғилган кунида зийрак журналистлар ва Согдиананинг мухлислари унинг номсиз бармоғидаги узукни кўришган. Бу жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотади ва журналистлар дарҳол хонандага саволлар билан мурожаат қилишади.
Согдиана ҳеч нарсани яширмай, ҳақиқатан ҳам турмуш қурганини тан олади. У эрининг исми Максим эканлигини айтади, аммо қолган тафсилотларни очиқламайди. Бир оз вақт ўтгач, матбуотда Максим давлат хизматчиси ва шоу-бизнесга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида маълумот пайдо бўлади. Расмий никоҳдан ўтганидан бир йил ўтгач, уларнинг оиласида яна бир ўғил — Лео туғилади.
Согдиананинг фарзандлари
Согдиананинг турли никоҳдан туғилган учта ўғли бор: Аржун (2007 йилда туғилган), Микойил (2010 йилда туғилган) ва Лео (2019 йилда туғилган). Аржун ва Микойил узоқ вақт турли мамлакатларда яшаб, унчалик яқин эмас. Согдиана кенжа ўғли билан Тошкентга кўчиб келганидан кейингина улар бирга яшай бошлаган.
Бошида ака-укалар ўртасида бир оз келишмовчиликлар бўлган, айниқса, Аржун ўйинчоқларини бирга ўйнашни истамасди. Вақт ўтиши билан низолар сусаяди ва болалар тил топишиб кетади. Ҳозирда улар биргаликда аҳил яшашади. Согдиананинг таъкидлашича, бу мослашиш даври уларнинг оиласи учун муҳим бўлган. Ўғиллари дастлабки қийинчиликларни енгиб, бир-бирига яқинлашганидан хурсанд.
Согдиана оиласи билан фахрланади. Унинг сўзларига кўра, болаларининг гардеробида турли миллатлар либосларини, жумладан, ўзбек дўппиларини ҳам учратиш мумкин. Шунингдек, у ўғиллари оталари билан тез-тез мулоқот қилишлари, Ҳиндистон ва Ингушетияга боришларини айтади. Согдиана одамларни жуда яхши кўради — у ҳар бир инсон коинот эканлигига ишонади ва ўғилларига бошқаларга нисбатан худди шундай муносабатни сингдиришга интилади.