Индонезияда улкан питон аёлни ютиб юборди
Бу бир ойда кузатилаётган иккинчи ҳолат.
Индонезиянинг Жанубий Сулавеси провинциясида улкан питон 36 ёшли аёлни бутунлай ютиб юборди. Бу бир ой ичида кузатилган иккинчи ҳолат ҳисобланади.
Ситеба исмли аёл 2 июль куни эрта тонгда касал боласига дори-дармон сотиб олиш учун уйдан чиқиб кетган. У узоқ вақт қайтиб келмагач, оила аъзолари қидирувга киришган. Аёлнинг турмуш ўртоғи Адианса уйидан 500 метр нарида хотинининг пойабзали ва кийимини топиб олган.
Одамлар аёлнинг кийимларидан 10 метр нарида улкан питонга дуч келишган. Илоннинг шишган қорни уларда шубҳа уйғотган. Шундан сўнг питоннинг қорни ёрилгач, ичидан аёлнинг жасади чиққан.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Фарида исмли аёл ҳам питон ҳужуми қурбони бўлганди.