Ўзбекистонда ёзнинг биринчи ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ июнь ойлари бешлигига кирди
Маълум қилинишича, XXI асрдаги кўпгина июнь ойлари каби, бу йилнинг июнь ойи ҳам иссиқ бўлди. Ўртача ойлик ҳарорат меъёрдан 1-2,5 даражага кўп бўлди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида 2024 йил июнь ойи барча кузатув йиллари учун энг иссиқ июнь ойлари бешлигига кирди.
Тошкентда ўтган июнь ойи 2021 ва 2023 йилларнинг июнь ойларидан сўнг учинчи ўринни эгаллади, улар меъёрдан 2,8-3,2 даражага иссиқроқ бўлди. Ой давомида ҳарорат фони деярли текис бўлиши қайд этилди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида июнь ойида максимал ҳарорат асосан 32-37 даража, жанубда ва чўл ҳудудларда 36-41 даража атрофида бўлди.
Энг иссиқ об-ҳаво 27—28 июнь кунлари кузатилди. Ушбу кунларда ҳарорат 39-41 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 42-43 даражагача кўтарилди. Бу июнь ойи учун энг юқори ҳарорат қийматлари эмас. Июнь ойидаги максимал ҳаво ҳарорати рекордлари 42-44 даражани, жанубда ва чўл ҳудудларда 45-47 даражани ташкил этади.
Тошкентда 154 йиллик метеорологик кузатувлар учун 1914 йил июнь ойининг мутлақ максимал ҳарорати 43,0 даража бўлиб қолди. Кўпинча ёз фаслида кузатилгани каби, 2024 йил июнь ойида ёғингарчилик жуда нотекис бўлди. Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ўтган июнь ойи экстремал қуруқ ой деб тавсифланиши мумкин. Ой давомида ёғингарчилик миқдори 0,0-4 мм, айрим жойларда 6-11 мм бўлди.
Фақат Андижон, Фарғона вилоятларида ва Қорақалпоғистон Республикасининг шимолида ёмғир ёғиши жадалроқ бўлди. Ой давомида ёғингарчилик миқдори баъзи жойларда 15-22 мм га етди. Ёмғир жуда камдан-кам ҳолларда ёғди (ойда 1-3 кун) ва қисқа муддатли характерга эга бўлди.
Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида қисқа муддатли ёмғирлар тез-тез кузатилди ва айрим кунларда ёмғир кучли — бир неча соат ичида 10-20 мм гача бўлди. Бир ой давомида ёғингарчиликнинг умумий миқдори 25-35 мм га етди, Фарғона вилояти тоғларида ва Тошкент, Қашқадарё вилоятларининг баланд тоғли ҳудудларида 60-100 мм гача бўлиши кузатилди.
Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Наманган, Фарғона вилоятларининг айрим тоғолди ва тоғли ҳудудларида жала ёмғирлар ҳисобига сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келди.
Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача, Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Қашқадарё вилоятларининг айрим жойларида шамолнинг кучайиши 22-25 м/с га етди. Республика шимолида, жанубида ва чўл ҳудудларида шамолнинг кучайиши чангли бўронлар билан қайд этилди, кўринувчанлик 1000 м гача ёмонлашди.