Рецептсиз бериладиган дорилар ва тиббий буюмлар учун нарх чеклови олиб ташланади
Референт нархлар фақат рецепт асосида бериладиган дорилар учун сақлаб қолинади, фармацевтика соҳасидаги барча корхоналар ҚҚС тўловчисига айланади, дея маълум қилди Фармагентлик раҳбари Абдулла Азизов. Амалдаги тартибга кўра, дори воситалари ва тиббий буюмларни улгуржи сотувчилар 15 фоизгача, чакана сотувчилар эса 20 фоизга устама қўйиб сотиши мумкин.
Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида, 4 июл куни соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Унда иштирок этган тадбиркор тиббий буюмлар учун референт нархларни бекор қилишни таклиф қилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, дори воситаларининг чегараланган нархлари (референт нархлари) бор. Яъни дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиш ёки ишлаб чиқаришда Фармагентликдан рўйхатдан ўтказилганда шу дори воситасининг белгиланган (базавий) нархи шаклланади. Қонунчилик талабига кўра, улгуржи сотувчи воситачилар сонидан қатъи назар [дори устига] 15 фоизгача устама қўйиши мумкин, чакана сотувчи эса 20 фоизгача. Шундан келиб чиқиб, дори воситаларининг нархи бошланғич нархига нисбатан 35 фоиздан ошишига йўл қўйилмайди, шундан ортиқ нархда сотиш ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.
Тадбиркорнинг таъкидлашича, тиббий буюмларни дори воситаларидан ажратиш вақти келган. Чунки дорилар миллионлаб, тиббий буюмлар эса ўнлаб ёки юзлаб сотилади.
“Тиббий буюмлар ишлаб чиқарувчи чет эл фирмасининг дисрибютори бўлсангиз, бошқа фирманинг маҳсулотларини сота олмайсиз. 15 фоизлик референт нарх билан [тадбиркор] қаерга боради, қандай қилиб олий малакали ходимларни жалб қилиш керак? Яқинда Абдулла Азизов “4-5 мингта дори воситаларининг рўйхати чиқади, фақат шулар бўйича референт нарх қолади” деганди. Ҳозир ҚҚС кирганига 3 ой бўлди, шу нарса ҳали ҳам йўлга қўйилмади”, – деди тадбиркор.
Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонга тиббий буюмларнинг “90 фоиздан ошиғи” контрабанда билан келади.
“Бу [референт нарх] контрабандани тугатиш йўли бўлмайди, уни тугатиш учун енгиллик бериш керак. Биринчи ўринда референт нарх олиб ташланиши керак. ҚҚС кирди яқинда, бу контрабандани баттарлаштирмайдими?” – деди у.
Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов бунга жавобан референт нархлар фақат рецепт билан бериладиган дори воситалари учун сақланиб қолиниши маълум қилди.
“Референт нархлар бўйича фармон лойиҳаси тайёрланган. Президентимиз ҳам менга киритинглар, деб топшириқ берганлар. Ҳозирги кунда админстрацияда турибди, молия вазирлиги билан ҳам келишиб бўлганмиз. 15 фоиз фақат рецепт билан бериладиган дориларга қоладиган бўлди. Рецептсиз бериладиган дорилардан ҳам, тиббий буюмлардан ҳам чиқиб кетади. 2-3 ҳафтада фармон чиқиши керак”, – деди фармагентлик раҳбари.
Абдулла Азизовнинг қўшимча қилишича, 2025 йилдан фармацевтика маҳсулотлари билан шуғулланувчи барча компаниялар ҚҚС тўлашга ўткахилади.
Маълумот учун, дори воситалари ва тиббий буюмлар учун чекланган савдо устамалари 2017 йил 1 январдан жорий қилинган.
Эслатиб ўтамиз, дори воситаларини белгиланган лимитдан қиммат сотган тадбиркорлар учун 2023 йил май ойидан жазоловчи тизим ишга тушгани тадбиркорларнинг эътирозларига сабаб бўлганди. Kun.uz дорихоначи тадбиркорларнинг муаммосини ёритганди.
Рақобат қўмитаси ишга туширган “Fair Tech” тизими референт нархлардан қиммат сотган дорихоналарни аниқлайди ва ортиқча ундирилган пул истеъмолчиларга қайтариб берилади. Бунинг учун, дорихонадан дори сотиб олганда харид чекини “Солиқ” мобил иловасига сканер қилиш керак. Агар дори базадаги нархдан қиммат сотилгани аниқланса, Рақобат қўмитасига автоматик ариза юборилади. Дорихонага нисбатан савдо ёки хизмат кўрсатиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарима жазоси қўлланади; ортиқча ундирилган пул дорихонадан истеъмолчи фойдасига ундирилади.