Ижтимоий тармоқларда «Gentra»дан 5 киши тушиб бир болани даҳшатли тарзда калтаклагани ва машинага ортиб кетгани ҳақида видеолар тарқалди. ИИББ ҳолат юзасидан маълумот берди.
Унга кўра, ҳолат 1 июль куни тахминан соат 20:25 ларда Юнусобод тумани, Ифтихор кўчасида содир бўлган. Фуқаролар 1988 йилда туғилган Н.Т., 1993 йилда туғилган С.Қ., 1987 йилда туғилган Д.Қ., 1995 йилда туғилган Ҳ.Қ., 1994 йилда туғилган Ж.И., 1997 йилда туғилган Ш.О.лар қарз масаласида оғзаки жанжаллашган.
Фуқаролар С.Қ., Д.Қ., Ҳ.Қ.лар жамоат тартибини бузган ҳолда жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, Н.Т.ни уриб тан жароҳати етказган. Сўнг Н.Т.ни келган автомашинада уйи олдига олиб борган. Унга шифохонада бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилганидан сўнг уйига кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси (“безорилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумон қилинувчилар процессуал тартибда ушланган. Тергов давом этмоқда.