Наҳотки? «Disney» мультфильмларидаги маликаларда жиддий психологик муаммолар бор…

Наҳотки? «Disney» мультфильмларидаги маликаларда жиддий психологик муаммолар бор…

Болаликда “Disney” мультфильмларидаги маликага айланиб қолишни, эртаклардагидек бахтли ҳаёт кечиришни ва оқ отдаги шаҳзода билан учрашишни орзу қилмаган ёшлар бўлмаса керак. Афсуски, буларнинг бари ёрқин воқеалар ва афсонавий қаҳрамонларга тўла қувноқ мусиқали эртакдир. Баъзи психологларнинг фикрича, «Disney» эртакларига бошқа томондан назар солинса, улардаги маликалар турли психологик муаммолардан азият чекишган. Қуйида мультфильмларни психологик талқинларини бирма-бир кўриб чиқамиз.

 

Ўзини бор ҳолича қабул қила олмаслик муаммоси қийнаган Золушка

 

Золушка болалигида ота-онаси бағрида севимли қизалоқ бўлиб улғая бошлайди, у ўта меҳрибон, инсонларга ҳамдард бўлишга ва ёрдам беришга тайёр бўлади. Бироқ онасининг ўлими ва отасининг ёвуз ўгай онага уйланишидан кейин ҳаммаси буткул ўзгаради.

Золушка шахсининг улғайиш ва шаклланиш даври батафсил тасвирланмаган, фақат мультфильмда қизалоқнинг шарт-шароити оғир, унга қулдек муносабатда бўлишган ҳолати тасвирланади. Бу вақтда унинг отаси бунга барҳам бермайди. Натижада Золушка барчанинг ерга уришларга сабрли, ўз қадрини билмайдиган, ишончи суст бўлиб вояга етади. У бошқаларнинг истак ва эҳтиёжларини ўзиникидан устун қўяди, иродаси заиф, доимо идеал ҳаётни орзу қилади, лекин уларни амалга ошириш учун ҳаракат қилишга тайёр бўлмайди.

Ҳаёт Золушкага имконият берганда ҳам, биз унинг истаган нарсасини қийинчилик билан бажаришини кўрамиз. Эртакда бир пари аёл унга ёрдам беради ва сеҳрли шаҳзода унинг гўзал ва нозик қалби сабабли Золушкани севиб қолади ва қутқариб қолади. Афсуски, реал ҳаётда инсонлар кўпинча ўз-ўзига ёрдам беришга ҳам ўрганиши лозим.

 

Стокгольм синдромига чалинган Белла

 

Мазкур мультфильмда Стокгольм синдромининг яққол мисоли бор. Белла одобли, мактабда аъло баҳоларга ўқиган, орзуларга тўла ва позитив қиз бўлади, лекин отаси сабабли ўз эркинлигидан маҳрум бўлади ва Махлуқнинг гаровидаги одамга айланади. Маълум муддат Махлуқнинг уйидан ҳеч қаерга қочиб кета олмаган Белла унинг қалбидаги эзгуликни кўради ва Махлуқда ҳам инсонийлик туйғулари уйғона бошлайди. Эртак сўнгида улар бахтли ва фаровон ҳаёт кечиради.

Бироқ муаммо шундаки, Белла бу ҳолатда партнёрига ўзи сезмаган ҳолда қарам бўлиб қолган. Бундай одам фақат бошқа бировнинг муаммолари ва манфаатларини ўзиникидан устунроқ қўяди, бошқанинг масъулиятини ўз зиммасига олади, гарчи унинг амали яхшилик келтирмаса ҳам. Белла бу ҳолатда Махлуққа тарбия бериш ва ғамхўрлик қилиш учун ўзини қурбон қилади ва ҳатто ундан воз кечишдан қўрқади. Мультфильмда йиртқич ҳайвоннинг юзи остида чиройли шаҳзода яширинган. Ҳаётда эса йиртқич ҳайвон ниқоби остида ундан ҳам шафқатсиз инсонлар бўлиши мумкин.

 

Носоғлом ва невротик муносабатлар муаммоси гирдобидаги Ariel

 

Сув париси Ariel болалигидан қаттиқўл отанинг назорати ва босими остида ўсиб келган, унинг руҳан озод бўлиш истаги чексиз. Шунинг учун Ariel оддий инсонлар ҳаётига доим қизиқиб келади ва охир-оқибат улардан бирини севиб қолади. Шу вақтда ўзининг ғаразли нияти бўлган Урсула пайдо бўлади ва Arielга оёқлари бор оддий инсон қиёфасига киришига ёрдам беради. Бу эса сув парисига қимматга тушади.

Урсуланинг ширин сўзларига алданиб қолган Ariel невротик муносабатларга тушиб қолади ва майин овозидан маҳрум бўлади. Аслида, шаҳзода айнан унинг овози учун севиб қолган эди. Энди эса Ariel унинг севгисини қозонишга тўғри келади.

Реал ҳаётда воқеа шу жойида тугаган бўлар эди: шаҳзода ўзга малика билан бирга қолади, Ariel эса ҳаётининг мазмунини йўқотиб, жавобсиз севгидан депрессияга тушиб қолган бўлар эди.

 

Доимий нотинчлик ва ташвишланиш касаллигидан азият чеккан Элза

 

Элза атрофдагилардан ўзгача кучи борлиги сабабли ўзини жуда ёмон ҳис қилади, жамиятда ўз ўрнига эга бўла олишига ишончи суст бўлади. Шунинг учун у барчадан узоқроқ бўлишга қарор қилади ва ҳар қандай алоқадан қочади.

Ота-онаси ҳалок бўлганидан сўнг Элза хонасининг деворлари ортида бутун дунёдан ажралиб қолади, синглиси Анна билан муносабатларини узади ва кейинчалик бутунлай ёлғиз яшаш учун муз саройига кўчиб ўтади. Бундай хатти-ҳаракатларнинг сабаблари болаликда ётади: биринчи навбатда Элза тасодифан синглисини майиб қилиб қўйгани сабаб, иккинчидан эса ота-онасининг бевақт ўлими қиз онгига салбий таъсир қилган.

 

Шизофренияга чалинган Алиса

 

Алиса келиб қолган сеҳрли дунё ҳақиқий ҳаётда шизофрениянинг белгиларига ўхшаб кетади. Шизофрения — бу прогрессив руҳий касаллик бўлиб, руҳий вазифалар бирлигининг йўқотилиши, миянинг эмоционал ҳисларга жавоб берувчи қисмининг тубанлашуви, фикрлашнинг бузилиши ва ақлий фаолиятнинг заифлашиши билан кечадиган касаллик.

Алиса билан бўлиб ўтган галлюцинациялар, хаёлига келган ва реалликка тўғри келмайдиган ноодатий воқеалар шизофреник хусусиятга эга. Алиса сеҳрли пирогни истеъмол қилгандан сўнг кичрайиб қолади ёки катталашиб кетади, чекувчи ҳашаротлар ва учадиган мушукка дуч келади. Буларнинг бари қизга ҳақиқатдек туюлади ва унинг миясига нега бундай ҳодисалар содир бўлаётгани ҳақида савол келмайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: