Достон Убайдуллаевнинг қайғули кунлари: у болалигида ҳаётнинг оғир зарбаларига учраган (видео)
Бугунги кунда санъатдан узоқлашган собиқ хонанда Достон Убайдуллаев Иноятилло Андижонийнинг “YouTube”даги каналига берган интервьюсида ҳаётнинг аччиқ зарбалари, яқинларидан жудо бўлгани тўғрисида гапирди.
— Асли санъаткорлар оиласиданман, бобо-бувиларим санъаткор бўлган. Оилада учта жудоликни бошимдан ўтказганман. Уч ўғил бўлганмиз — катта акам вафот этган. Исми Қаҳрамон эди, мусиқа мактабида ўқиган, фортепьяно чаларди. Кичик акам Санжар ҳам мусиқа соҳасида таҳсил олган, у виолончел чалган. Отам раҳматли бизни “Томоша” фольклор театрига олиб борганди. Мен солист сифатида қатнашардим, — дея сўз бошлади Достон Убайдуллаев.
— 1992 йилда “Томоша” фольклор театри қатнашчилари Туркиянинг Анталия шаҳрида бўлиб ўтадиган Жаҳон ёшлар фестивалига таклиф қилинганди. Ўшанда 8 ёш эдим. Оиламиздан уч киши — мен ва икки акам, устозимиз ва бошқа иштирокчилар билан жами 12-13 киши бўлиб йўлга чиқдик. Истанбул аэропортидан тушдик, бизни иккита гид кутиб олди ва Анталияга катта автобусда 12 соатлик йўлга тушдик. Мен ҳайдовчига яқин жойда ўтирдим, акаларим ва бошқалар орқада ўйин-кулги қилиб кетишди. Бир одатим бор, машинадами, самолётдами, автобусдами, йўлда кўзимга уйқу келмайди, фақат йўлга қараб кетаман, — дейди Достон Убайдуллаев.
— 19 апрель, кучли ёмғир ёғаётганди. У ерда ҳам ўзимиздагидек довонлар бор экан, шу жойлардан ўн соатлик йўлни босиб ўтдик, манзилимизга икки соат қолганди. Уйдан кетаётганда онам Аллоҳ асрасин деб, катта акамнинг бўйнига тумор тақиб қўйган экан. “Ўша тумор бўйнимга ботяпти, сен тақиб олгин, мен автобуснинг орқа томонига ўтиб ухлайман”, деди акам. Кичик акамга эса қўлидаги соатни тақиб қўйди. Деярли 15 соатлик йўлдан чарчаб, шунчаки кўзимни юмиб кетаётгандим.
Автобус жуда қаттиқ чайқалишни бошлади. Ёнимизда чуқурлиги 20 метрлик жарлик бор эди, агар шунга тушиб кетсак, ҳеч ким омон қолмасди. Иккинчи тарафимиз қоятошлар, икки киши автобусни ўша томонга қараб буришди. Шунда автобуснинг орқаси, яъни акам ётган тараф қоятошга жуда қаттиқ урилди. Автобусни бошқаролмай қолишди, 100-120 км/соат тезликда кетаётганимиз учун тез тўхтамади. Мен ўрнимдан туриб, иккита темирни ушлаб олдим, лекин қўрқувдан тилим айланмай гапиролмай қолдим. Автобус урилганда ойна синиб, акам зарб билан ташқарига отилиб кетган экан.
Автобус тўхтагач, кичик акам билан бир-биримизни топдик, лекин катта акамнинг овози эшитилмаётганди. Қарасак, узоқда кимдир ётибди, ҳаммаёғи қонга беланганди. Борсак, Қаҳрамон акам экан, кўзининг ўрни қонга тўлиб ётибди. Турклар меҳрибон халқ экан, машинада ўтиб кетаётганлар ҳам тушиб, кимдир сунъий нафас берди, кимдир биринчи ёрдам кўрсатди. Шунда акам бир чуқур нафас олди. “Ҳа, бўлди, тирик экан”, деб хурсанд бўлдик. Кейин билсак, акамнинг кўзи ўша пайтнинг ўзида оқиб тушган экан. Касалхонага олиб кетишди. Биз меҳмонхонага жойлашдик, мен ва кичик акамдан ташқари, ҳамма фестивалга бориб қатнашиб келди, — дея суҳбатни давом эттирди Достон Убайдуллаев.
— Кичик акамнинг ҳам бели йиртилган экан, тикишди. Бир ҳайдовчи ва бир гид аёл вафот этди. Ўзбекистонда онам Россия телеканалини томоша қилаётганида янгиликларда “Ёшлар фестивали учун Ўзбекистондан келган болалар автобуси автоҳалокатга учради, йўловчиларнинг ҳаммаси ҳалок бўлди”, деб нотўғри маълумот берилган. Онам ўша пайтнинг ўзида адо бўлган. Отам вазирликка маълумот олиш учун борган. Бизга акамнинг вафот этганини айтишмаган. “Соғлиғи яхши, Тошкентга жўнатиб юбордик, ўша ерда шифокорлар яхшироқ қарашади”, дейишган. Бола бўлганмиз, ишонганмиз. Ўзбекистонда эса Достон вафот этибди, деган гап тарқалиб кетган. У пайтда Telegram, ижтимоий тармоқлар йўқ эди, ота-онам билан ҳам гаплашолмаганмиз. Кетаётганимизда отам ул-бул оларсиз деб қўлимизга пул берганди. Акам яхши экан, хурсанд бўлади деб унга, ота-онамга роса совға-салом олганмиз, — дейди у.
— Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан шахсан бош вазирга делегацияни қайтариб олиб келиши ҳақида топшириқ берилган. Ўзбекистонга келдик, самолёт қўнгач, ойнадан дадамни кўрдим — бошида дўппи, эгнида тўн, белида қийиқча. Билсам, акамнинг жасади тобутда биз билан келган экан. Мен кўрганимда нафас олганида жони чиққан экан, шифохонагача етиб бормабди. Уйгача бизни сиренали машиналарда олиб боришди. Акамни қабрга қўйиб келганимиздан кейин онам ҳам қаттиқ тушкунликка тушиб қолди. Ҳар икки гапининг бирида: “Мен ҳам акангнинг орқасидан кетаман”, дейдиган бўлиб қолди. Телевизорда берилган нотўғри хабарни эшитганларида қаттиқ стрессдан саратон ҳужайралари очилиб кетган экан. Соғлиқлари ёмонлашди, 9 ойда 3 марта операция бўлди. Уйимиздан бир йил ичида иккинчи марта тобут чиқди, онам вафот этди, — дея изтироб билан сўзлади Достон Убайдуллаев.