“ЭлҒийбат”, мақоласи!..

“ЭлҒийбат”, мақоласи!..

Мубашшир Аҳмад:
Қуйидаги мақола ЭлТуз деганнинг қаламига мансуб. У ўзбек халқини иккига бўлиб, ўртада бўлиниш юзага келиши учун давлатни ўз халқига қарши қўймоқда. Миллатдошлари устидан қатъий чоралар кўришга ундамоқда. Ўзининг ахлоқсиз ва тарбиясиз тутуми жамиятимизга сингишини истамоқда. Қуйидаги сатрларни ўқисангиз, ЭлТуз кабиларнинг асл мақсади – динсизлик ва тарбиясизликнинг ёйиш, бу йўлда жамиятни бўлиб, зўравонлик кайфияти пайдо қилиш, давлат ўз халқини террор қилишини исташ эканини кўришингиз мумкин. Яхшиямки, бошқарувда оқиллар бор, ташқаридан жамиятимизни пароканда қилиб, қайта истило этилишига йўл қўйишмайди.
Мен ҳаммани хушёрликка, халқимиз ва давлатимизнинг бир бутун эканини кўрсатишга, хориждан кўрсатмалар бера олишларига йўл қўймасликка чақираман.
ЭлТуз мақоласи:
ЎЗБЕКИСТОНДА ДУНЁВИЙ ДАВЛАТЧИЛИК ХАВФ ОСТИДА
Янгиланган Конституциянинг 1-моддасида Ўзбекистоннинг дунёвий (секуляр) давлат эканлиги белгилангани яхши бўлди-ю, аммо бу билан иш битмас экан. Дунёвий давлатчиликни асраш ва ҳимоя қилиш учун жиддий амалий чоралар керак экан.
Бугунги кунда Ўзбекистонда диний эркинликка йўл берилгани яхши. Лекин шоли баҳонасида курмак ҳам сув ичади деганларидек бугун Ўзбекистон жамиятида радикал кайфият кенгайиб ва кучайиб бормоқда.
Содда қилиб айтганда Ўзбекистон жамияти тобора толибонлашиб кетяпти. Айниқса, ёшлар тушуниб-тушунмай шариат асосида яшашни ва ўрта асрларга қайтишни исташмоқда. Ўзидан дин пешволарини ясаб олган “қори ака” ва “ҳожи ака”ларнинг ошиғи олчи.
Ҳозирги вазиятда Ўзбекистонда дунёвий давлатчилик реал хавф остида қолган. Дунёвий давлат ва диний тарзда яшаш тарафдорлари ўртасида кескин қутблашиш бошланган. Бу вазият фуқаролар урушини келтириб чиқариши ҳам ҳеч гап эмас.
Энг ёмони шундаки, Ўзбекистон ҳукуматининг жамият диний радикаллашувининг олдини олиш бўйича ҳеч қандай тайинли режаси ва дастури мавжуд эмас. Ўзбекистон ҳукумати бир неча масалалар бўйича дунёвий давлатчилик позициясини бой бериб бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Ҳукуматининг 2018 йил 15 августдаги 666-сон қарорининг 3-бандида 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб мажбурий мактаб формасини жорий этиш назарда тутилган эди. Аммо шариат талаблари асосида яшашни истовчи “дин ҳимоячилари”нинг оммавий босими сабабли ушбу банд Ҳукуматнинг 2022 йил 3 октябрдаги 558-сонли қарори билан ўзгартирилди.
Яқинда ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга болани рўйхатдан ўтмаган диний ташкилотларга ёки тегишли маълумотга эга бўлмаган шахсларга ўқишга беришини тақиқлашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам “шариатпарастлар” ижтимоий тармоқларда додлагандан кейин “осилиб қолди”. Бу лойиҳа Қонунчилик палатаси сайтида умумхалқ муҳокамаси учун эълон қилинди. Амалда эса бундай тартиб мавжуд эмас.
Бир пайтлар Афғонистон ва Эрон дунёвий давлат бўлган. Аммо бу давлатларда секулярликни асраб қолиш ҳамда диний радикализм ва экстремизмнинг олдини олиш бўйича ҳеч қандай чора кўрмаганлиги сабабли бугун уларнинг аҳволи қандай эканлигини кўриб турибмиз. Улардаги диний радикализм, оммавий жаҳолат босқинчи ташқи кучларни қувватлантирди.
Ўзбекистон ҳукумати ҳам дунёвий давлатчиликни сақлаб қолиш ва уни ҳимоя қилиш бўйича ҳозироқ оқилона чоралар кўрмас экан кейин кеч бўлиши аниқ.
Бу кетишда яқин йиллар ичида диний радикализм ва экстремизм Ўзбекистон учун жиддий бош оғирига айланади. Яна бир ташвишли ҳолат шуки диний радикализм ва экстремизмга қарши курашадиган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ходимлари орасида ҳам радикаллашув кучайиб бормоқда.
Масалан, ички ишлар органлари учун профессионал кадрлар тайёрловчи олий ўқув юрти – ИИВ Академиясида яширинча намоз ўқийдиган, рўза тутадиган, кодекс ва қонунларни ўрганмасдан диний адабиётларни ўқишга муккасидан кетган, Ўзбекистон ислом давлати дейдиган курсантлар сони ортиб бораётганлиги ташвишлидир. Бундай ҳолат ҳарбий хизматчилар ўртасида ҳам авж олганини кўриб турибмиз.
Дунёвийликни очиқдан-очиқ инкор қилувчи, шариат асосида яшашни жорий этиш ҳамда Ўзбекистонни ислом давлатига айлантиришини истовчилар сони ортиб бораётганлиги етмаганидек энди уларнинг талаблари ҳам конкретлашмоқда.
Прогнозлар эса янада хавотирли: Ўзбекистонда дунёвийликни рад қилувчи ва шариат тузумини ўрнатишни истовчилар сони ортиб бориши билан улар энди сон кўрсаткичдан сифат кўрсатгичга ўтиш арафасида турибди. Яна ҳам даҳшатлиси, бу тоифадагилар институционаллашмоқда, яъни содда қилиб айтганда ислом давлати тарафдорлари бирлашиш босқичига яқин келиб қолган.
Уларга битта дадил етакчи етишмаяпти холос. Ўзбекистон ҳукумати эса жараёнларни жим кузатишдан нарига ўтмаяпти.
Ўзбекистон фақат дунёвий давлат сифатида ривожлана олади. Бизга диний давлат керак эмас, диний давлатда мутлақ адолат бўлади деган ваъдалар барчаси чўпчак эканини бошқа мамлакатлар тажрибасида кўрдик.
Дўстларингизга ҳам юборинг: