Бразилия Исроилни «чексиз қирғин»да айблади
Президент Луиc Инаcиу Лула да Силва бошчилигидаги Бразилия ҳукумати Исроилнинг Ғазо секторига берган сўнгги зарбаларини қоралади.
«Юзлаб бегуноҳ одамларнинг ҳаётига зомин бўлган Ғазо секторидаги сўнгги портлаш қабул қилиб бўлмасдир», — дейилади президент маъмуриятининг расмий баёнотида.
Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, шанба куни ал-Маваси хавфсиз ҳудудига уюштирилган зарбада камида 92 киши ҳалок бўлган, 300 киши жароҳатланган. Яна 20 киши Ал-Шати қочқинлар лагеридаги масжидга уюштирилган ҳужумда, 15 киши эса кўчирилганлар бошпана топган мактабда ҳалок бўлган.
«Улар Фаластин халқини биргаликда жазолашда давом этаётгани даҳшатли», – дея таъкидлади Бразилия ҳукумати. Лула да Силва дунё етакчиларини «бу чексиз қирғин олдида жим турмасликка» чақирди.