Олти ой давомида Омбудсманга фуқаролардан қанча мурожаат келиб тушди? Муаммоларнинг неча фоизи ижобий ҳал этилди?
2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсманга Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 8915 та мурожаат келиб тушди. Бу кўрсаткич 2023 йилнинг шу даврида 7107 тани ташкил этган.
Мурожаатларнинг 31 таси белгиланган тартибда аноним деб топилган.
Омбудсман ва унинг Котибияти ходимлари томонидан республика бўйлаб 31 маротаба сайёр қабуллар ташкил этилди.
Жами мурожаатларнинг 27,1% ижтимоий, 24,6% иқтисодий, 15,3 % шахсий ҳуқуқларга, 14,2% ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда ушлаб турилган шахслар ҳуқуқларини таъминлашга, 11,9% фуқаролик ва мурожаат қилиш, 1,3% бола ҳуқуқлари ва 1,0% экологик ҳуқуқларга ва 4,6% бошқа масалаларга оид.
Мурожаатлар гендер белгиларига кўра таҳлил қилинганда, жами мурожаатларнинг 43 % хотин-қизларга, 57% эркакларга тўғри келади.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг Мурожаатлар билан ишлаш бўлимига ва Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларига жами 7644 та мурожаат келиб тушган. Бу жами мурожаатларнинг 86%ни ташкил этади. Бугунги брифингда ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш натижаларига тўхталамиз.
Ҳисобот даврида Омбудсман томонидан фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан давлат ташкилотлари ёки мансабдор шахсларга 67 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди.
Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириш белгиланган жами маблағлар 1 млрд 269 млн.сўмни ташкил этди. Шундан, салкам 261 млн сўми фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид.
Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 663,3 млн.сўмга яқин маблағ фуқаролар фойдасига ундирилди.
Хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти учун 91 млн сўмга яқин алимент тўловлари ундирилиши таъминланди. Алимент тўлашдан бош тортган 5 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 3 та ҳолатда эса жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, 18,4 млн сўм миқдорида коммунал қарздорликнинг сўндирилишида, 51 млн сўмлик турли жарималарнинг бекор қилинишида ва 7 нафар фуқарога турар жойга кадастр ҳужжатларининг расмийлаштирилишида ва ижтимоий уй ажратилишида кўмаклашилди.
5 нафар фуқаро турар жойга нисбатан хусусийлаштириш иштирокчилари деб топилди. 2 нафар мурожаатчининг мулкига ва банк картасига қўйилган тақиқ ечилди.
22 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди ва ишга тикланди, 5 та ҳолатда иш берувчини ходимга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди. 5 та ҳолатда мурожаатчиларнинг пенсия олиш ҳуқуқи таъминланди.
Омбудсманнинг сўровига асосан Давлат меҳнат инспекцияси томонидан судларга ишга тиклаш ва иш ҳақини ундириш юзасидан 5 та даъво ариза киритилди.
Фарғона вилояти Марғилон шаҳридаги 7,0 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган ҳудудда мактаб ўқувчилари ва беморларнинг чорраҳадан ўтишларида хавфсизликларини таъминлаш мақсадида светофор ўрнатилиши таъминланди. Шунингдек, Андижон вилоятининг Балиқчи туманида тартибга солинмаган чорраҳага светофор ўрнатилиши бўйича Омбудсман сўровига мувофиқ вилоят ИИБ томонидан тегишли ташкилотга тақдимнома киритилди.
2 та ҳолатда оилавий (маиший) зўравонлик ҳамда эҳтиётсизлик орқасида баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказиш бўйича жиноий иш қўзғатилди.
Омбудсман сўровига мувофиқ, 3 нафар фуқаро маъмурий жавобгарликка тортилди.
1 нафар фуқарога нисбатан ЖКнинг 169-моддаси 1-қисми билан қўзғатилган иш тугатилган. Яна бир ҳолатда фуқаро тафтиш инстанцияси судининг ажрими билан жавобгарликдан озод этилди.
6 та ҳолатда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақида Ички ишлар бўлимлари терговчилари томонидан қабул қилинган қарорлар прокуратура органлари томонидан бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиш учун юборилган.
26 нафар давлат органлари ва идораларида ишлайдиган масъулларга интизомий жазо чоралари қўлланилган, шундан 4 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Шунингдек, Омбудсман томонидан фуқароларнинг мурожаатлари асосида прокуратура органларига қилинган сўровларга кўра, давлат ташкилотларида ишловчи 3 нафар масъулга ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Омбудсман сўровига мувофиқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг 10 нафар масъул ходими ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилди ва 3 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича
вакили (омбудсман) Ахборот хизмати