Тиббиёт чиқиндиларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади

Тиббиёт чиқиндиларидан иссиқлик энергияси ишлаб чиқарилади

Ўзбекистон АҚШ ҳамкорлигида тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришни бошлайди. Тиббиёт чиқиндиларини тўлиқ етказиб бермаслик жавобгарликка сабаб бўлади. Тайёр энергия шифохоналар, шунингдек, бошқа шахслар томонидан ҳам сотиб олиниши мумкин.

 

«Тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори қабул қилинди, деб хабар беради Адлия вазирлиги.

 

Қарорга кўра, инвестор Sayar LLC компанияси (АҚШ) томонидан инвестиция лойиҳаси доирасида Sayar green МЧЖ шаклидаги хорижий корхона таъсис этилган. У лойиҳа компанияси бўлиб хизмат қилади.

 

️Инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида инвестор, лойиҳа компанияси ва ҳукумат — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида тузилган инвестиция шартномаси тасдиқланди.

 

Шу муносабат билан 2024 йил 1 августдан тиббиёт чиқиндиларидан муқобил иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндилари тўлиқ ҳажмда лойиҳа компаниясига топширилади.

 

Шу санадан эътиборан лойиҳа компанияси томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси белгиланган тартибда тасдиқланган тарифларда тиббиёт муассасалари томонидан сотиб олиниши таъминланади. Бунда иссиқлик энергияси бошқа шахсларга ҳам белгиланган тартибда етказиб берилиши мумкин.

 

Инвестиция лойиҳаси амалга ошириладиган ҳудудларда жойлашган барча турдаги тиббиёт муассасаларида ҳосил бўладиган тиббиёт чиқиндиларини лойиҳа компаниясига тўлиқ етказиб бериш бўйича талабга риоя этмаслик санитар осойишталик ва чиқиндиларни тўплаш, ташиш, жойлаштириш, зарарсизлантириш, сақлаш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ҳамда реализация қилиш давомида табиатни муҳофаза қилиш талабларини бузганлик ҳисобланади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: