Белгород вилоятининг қишлоғи ўққа тутилди, 9 киши яраланди
Россиянинг Белгород вилояти Шебекино қишлоғида ўққа тутилиш оқибатида 9 киши жабрланди.
Бу ҳақда вилоят губернатори Вячеслав Гладков Телеграм орқали маълум қилди.
«Шебекинодаги вазият жуда жиддийлигича қолмоқда. Охирги суткада 9 киши тан жароҳати олди. Аёл оғир аҳволда реанимацияда ётибди», — деди вилоят раҳбари.
Гладковнинг сўзларига кўра, Шебекинода саккизта кўп қаватли уй, 18 та хусусий уй ва 15 та автомобиль шикастланган.
«Уйлардан бири бутунлай вайрон бўлган, иккита машина ёниб кетган», — деди губернатор.
Эслатиб ўтамиз, кеча Гладков Шебекинодаги саноат корхонаси ҳудудига снаряд тушгани ҳақида хабар берган эди.