Дам олиш учун Чорвоққа чиққан икки йигит бахтсиз ҳодиса сабаб ҳалок бўлди
19 ёшли йигит скутерда бошқарувни йўқотиб, катамаранга урилган.
Жорий йилнинг 20 июль куни соат 14:30 ларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги “Чорвоқ” сув омборининг “Бурчмулла” сув ҳавзасига дам олиш мақсадида келган Зангиота туманида истиқомат қилувчи 19 ёшли фуқаро скутерни ҳайдаш вақтида бошқарувни эплай олмай, қаршисидаги катамаранга бориб урилган. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар қилди.
Оқибатда катамаранда бўлган 2 нафар Фарғона вилоятидан келган фуқаро тан жароҳати олган. Ушбу бахтсиз ҳодиса оқибатида фуқаролар олган тан жароҳати туфайли воқеа жойида вафот этган.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, Бўстонлиқда содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.