Жо Байден АҚШ президентлик сайловларидан чиқишга қарор қилди
Жо Байден Америка Қўшма Штатларида ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қатнашмасликка қарор қилди. Бу ҳақда у 21 июль куни Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган мактубида маълум қилди.
«Президентингиз сифатида хизмат қилиш ҳаётимдаги энг катта шарафдир. Мен қайта сайланиш ниятида бўлсам-да, ўз партиям ва мамлакатим манфаатларига кўра, номзодимни рад этишим ва қолган муддат давомида фақат президентлик вазифамни бажаришга эътибор қаратишим керак деб ҳисоблайман», — деди 81 ёшли Байден америкаликларга мурожаатида.
Ҳозирда коронавирусдан даволанаётган Жо Байден яқин кунларда телевидение орқали халққа мурожаат қилишга ваъда берди.
Шундан сўнг у навбатдаги хабарни эълон қилди ва вице-президент Камала Ҳаррисни Демократик партиядан АҚШ президентлигига номзод қилиб кўрсатишни таклиф қилди.
«Бугун мен партиямиздан бу йилги номзод сифатида Камалани тўлиқ қўллаб-қувватлашимни ва маъқуллашимни билдирмоқчиман. Демократлар, бирлашиш ва Трампни енгиш вақти келди. Келинг, буни қилайлик», — деб ёзган Байден.
Шу ҳафтада бир қанча Америка оммавий ахборот воситалари манбаларга таяниб, Жо Байден 20−21 июль кунлари бўлиб ўтадиган сайловолди пойгасидан чиқиш қарорини эълон қилиши мумкинлиги ҳақида хабар берганди. The Wall Street Journal нашрининг ёзишича, давлат раҳбари партиядошлари ва ҳомийлари томонидан қўллаб-қувватланмаслиги ҳисобга олинса, бу вақт масаласи бўлиб қолмоқда.
Жо Байденнинг 27 июль куни президентликка Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп билан амалдаги президент учун муваффақиятсиз деб топилган дебатидан сўнг, Байден вакили бўлган Демократик партия вакиллари уни сайловолди кампаниясидан воз кечишга чақира бошлади. Унинг ўзи ва вакиллари охиригача ўз номзодини бекор қилмаслигини маълум қилди.