Тошкентда яна бир вилоятликларни ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалди

Тошкентда яна бир вилоятликларни ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалди

Instagram’да салбий фикр билдирган кузатувчиларига жавоб тариқасида беҳаё сўзлар билан вилоятликларни ҳақорат қилган қиз 10 суткага қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.

 

Маълум қилинишича, 2004 йилда туғилган, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида яшовчи С.Р. 2024 йилнинг 20 июль куни Instagram саҳифасида обуначилари билан жонли мулоқот қилаётган вақтида вилоятликларни ҳақорат қилган.

 

Қиз ўзига ёзилган изоҳларга жавобан беҳаё, уятсиз сўзлар билан вилоятларда яшовчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситган. Унинг мазкур ҳаракатлари ижтимоий тармоқ кузатувчиларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган.

 

Бундан ташқари, С.Р. ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш учун Чирчиқ шаҳар ИИБ XPГ профилактика инспектори келганида кўчада бақир-чақир қилиб, жамоат тартибини ва фуқаролар осойишталигини бузган ҳолда майда безорилик содир этган.

 

С.Р. судда вилоятликларга нисбатан ҳақоратли сўзларни салбий фикр билдирган кузатувчиларига жавоб тариқасида айтиб юборганлигини, бу қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини таъкидлаган. У барчадан узр сўрашини айтган ва суддан ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраган.

 

Жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судининг қарори билан қизга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида (майда безорилик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: