Украиналикларнинг 32 фоизи тинчлик учун ҳудудларни Россияга беришга рози

Украиналикларнинг 32 фоизи тинчлик учун ҳудудларни Россияга беришга рози

Украинада ўтказилган сўровномаларга кўра, аҳолининг 32 фоизи тинчликка эришиш учун Россияга ҳудудий имтиёзлар беришга рози.

Охирги 1 йилда Украинада тинчлик учун душманга ҳудудий имтиёз беришни ёқловчилар кўпайган. Бу мамлакатнинг Россияга ютқазиши ва иқтисодий муаммолар қуршовида қолганига боғлиқ экан.

Киев Халқаро социология институти 16—22 май кунлари Украина назорати остидаги ҳудудларда сўровнома ўтказган. Ундан турли жойлардан 1067 киши қатнашган. Уларнинг 1/3 қисми ҳудудий имтиёзларга рози бўлган.

Қатнашувчиларнинг 55 фоизи ҳар қандай ҳудудий ёнберишга қаршилигини билдирган. Тинчликка эришиш учун Россия ўзи босиб олган ҳудудлардан чиқиб кетиши зарурлигини айтишган.

13 фоиз респондент Россияга оғир талабларни илгари сурган. Унга кўра, Москвадан қўшинни олиб чиқиб кетиш, Қримни қайтариш ва репарация тўлаш талаб қилинган.

Маълумотларга кўра, деярли 2,5 йил давом этган урушда Россия Украина ҳудудининг қарийб 18 фоизини эгаллаган. Шарқий фронтда Украина кўп мустаҳкам позицияларини бой берган.

Ҳудудий имтиёз деганда, 2022 йил халқаро ҳамжамият фикрига зид равишда Россия таркибига киритилган Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятлари назарда тутилган. Шароитдан келиб чиқиб украинларнинг бир қисми бу ҳудудларни қайтаришни имконсиз деб ҳисоблаган ва тинчлик йўлида улардан воз кечишга чақирган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: