Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтиргани тўғрисидаги қарорига изоҳ берди

Марказий банк асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтиргани тўғрисидаги қарорига изоҳ берди

Марказий банк бошқарувининг навбатдаги йиғилиши натижалари юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Марказий банк раиси М.Нурмуратов Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоиз бандга пасайтириб, йиллик 13,5 фоиз даражасида белгилаш тўғрисида қарор қабул қилгани хусусида маъруза қилди.

Қайд этилганидек, банкнинг ушбу қарори қуйидагича изоҳланади. Хусусан, охирги ойларда базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг пасайиш динамикаси энергия тарифлари оширилишининг инфляцияга иккиламчи таъсири кутилганидан паст бўлганини кўрсатмоқда.

Январь-июнь ойларида истеъмол савати таркибидаги 73 фоиздан ортиқ товар ва хизматлар нархлари ошиши аввалги йилга нисбатан паст бўлди. Айниқса, жорий йилда мева-сабзавотлар ўртача нархи ўзгаришининг инфляцияга таъсири сўнгги 4 йилликдаги энг паст кўрсаткични қайд этди.

Жаҳон бозорларидаги нархлар динамикаси ва алмашув курси барқарорлиги импорт инфляциясига пасайтирувчи таъсир кўрсатишда давом этмоқда.

Озиқ-овқат товарлари инфляциясининг пасайиши ҳамда алмашув курси барқарорлиги аҳолининг инфляцион кутилмаларига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, июнда сезиларли пасайишига олиб келди.

Иқтисодиётда шаклланган нисбатан қатъий пул-кредит шароитлари ҳамда фискал тақчилликнинг қисқариб бориши ҳисобига ҳозирги кунда шаклланган 0,5-0,6 фоизлик ЯИМ ижобий тафовутини йил якунига қадар ёпилиши ва инфляцияга оширувчи таъсирини қисқариши кутилмоқда.

Жорий йилнинг I ярим йиллик якуни бўйича иқтисодиёт реал ҳисобда 6,4 фоизга ўсди. Тадбиркорларнинг иқтисодий фаоллиги ва ишбилармонлик кайфияти бўйича индексларда сўнгги икки ойда нисбатан пасайиш кузатилган бўлсада, ижобий натижалар сақланиб қолмоқда.

Меҳнат бозори динамикасини ўрганиш учун муқобил кўрсаткич сифатида бўш иш ўринлари бўйича эълонлар кузатиб борилади. Апрелдаги юқори кўрсаткичлардан сўнг май-июнь ойларида эълонларнинг камайиши кузатилди.

Буни, бир томондан, мавсумий характерлиги билан, яъни ёз ойларида айрим соҳаларда ишчи кучига бўлган эҳтиёжнинг қисқариши ва бошқа томондан, меҳнат бозорида ишчи кучига бўлган талабнинг маълум даражада мувозанатлашиши билан изоҳлаш мумкин.

Аҳоли омонатларининг қарийб 80 фоизи сўмда шаклланган бўлиб, сўмдаги муддатли депозитларида йиллик 1,5 баробарлик юқори ўсиш суръати сақланиб қолмоқда.

Йил бошидан депозитлар ва кредитлар фоиз ставкалари динамикаси турлича кўринишга эга бўлди. Аҳолининг миллий валютадаги омонатлари фоиз ставкаларида кичик ўсиш кузатилган бўлса, кредитлар фоизи ўзгаришсиз қолди.

I ярим йилликда банклар томонидан жами 127 триллион сўмлик кредитлар ажратилди. Ушбу кредитларнинг 64 фоизи юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга берилган бўлиб, ишлаб чиқариш фаоллигини қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади.

Йиғилишда юқорида айтилган хулосалар асосида Марказий банк бошқаруви асосий ставкани 0,5 фоизга пасайтириш бўйича қарор қабул қилди. Ушбу қарор пул-кредит шароитларини қатъийлик даражасига сезиларли таъсир кўрсатмайди ва унинг “чекловчи” характери сақланиб қолади.

Айни пайтда, ушбу қарорни иқтисодиётда базавий инфляциянинг барқарор пасаювчи тренди вужудга келганини ва йил якунига қадар инфляциянинг прогноз даражасигача пасайиши учун етарли шароитлар шаклланганини эътироф этиш деб, баҳоласак тўғри бўлади.

Асосий ставкани пасайтириш фазасига тўлиқ ўтиши кўп жиҳатдан ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни таъминлаш борасида пул-кредит ва макропруденциал сиёсат доирасида белгиланган чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш ва уларнинг натижадорлигига боғлиқ бўлади.

Ноаниқликлар ва хатарлар мавжуд шароитда шаклланаётган иқтисодий вазият, инфляция динамикаси ва прогнози, инфляцион кутилмалар ҳамда макроиқтисодий кўрсаткичлар бўйича статистик маълумотларга асосланиб, ҳар бир бошқарув йиғилишида тегишли қарорлар қабул қилиб борилади.

Бунда, асосий мақсад инфляцияни жорий йил якунига қадар 9 фоизгача пасайтириш ва ўрта муддатли истиқболда унинг 5 фоизлик таргетига эришиш ҳисобланади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: