Бағдодда 50 ўринли қўшимча шифохона қурилади

Бағдодда 50 ўринли қўшимча шифохона қурилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Гулбаҳор Саидғаниеванинг Фарғона вилоятида сайловчилар билан бўлиб ўтган очиқ мулоқотлари кўплаб масалаларни жойида ҳал этиш имконини берди.

Халқ вакилининг аввалги учрашувларида Бағдод тумани марказий шифохонаси шифокорлари тиббиёт масканида беморлар учун жой етишмаслигини айтиб, қўшимча бино қурилишида депутатдан ёрдам сўраб мурожаат қилишган эди.

Депутатнинг ушбу масала юзасидан тегишли вазирлик ва мутасаддиларга қилган мурожаати туфайли бу ерда қўшимча 50 ўринли туғуруқ бўлими қуриладиган бўлди.

Шунингдек, туманнинг 2-Бағдод қишлоғида яшовчи фуқаролар ичимлик суви таъминоти масаласида мурожаат қилишган эди. Мазкур муаммо жойига бориб ўрганилганда, аҳоли сувни кўчадан 2 км. масофадан ташиб ичаётгани маълум бўлди.

Аҳолининг айтишича, қишлоққа ичимлик суви тортиш “Обод қишлоқ” дастурига тушган, лекин вақтида амалга оширилмаган. Халқ вакили ушбу масалани назоратга олиб, мутасаддилар билан биргаликда ҳал қилиш чораларини кўришини билдирди.

“Муқимий” МФЙ Фурқат кўчаси аҳолиси ичимлик суви қувури эскиргани, сув тошиб, хонадонларга зарар етказаётгани, қувур ёрилган жой хавфли ҳолатда эканлигидан депутатдан кўмак сўради.

Депутат ушбу мурожаат юзасидан Сувтаъминот туман раҳбари билан боғланиб, шу куннинг ўзида бу масалага ечим топди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: