Россияда Signal мессенжери фойдаланувчилари сервис ишида узилишлар кузатилаётганидан шикоят қилди. «Сирена» ўқувчиларининг айтишича, Signal’га киришдаги муаммолар 9 август тонгидан бошланган.

 

Мессенжерга VPN’сиз ёки блоклашни айланиб ўтиш режимини ёқмасдан туриб кириб бўлмаяпти. «Важные истории» интернет нашрининг ёзишича, Россияда сервисни блоклаш бошланган.

 

Интернет ҳимояси жамияти директори ва Telegram’даги «ЗаТелеком» канали муаллифи Михаил Климарёв Россия Федерацияси ҳукумати Signal’ни блоклашни бошлаган бўлиши мумкинлигини айтди. Ундаги маълумотларга кўра, блоклаш ишлари 8 августдаёқ бошланган.

 

Россияда мессенжер блоклангани ҳақида расмий маълумот берилгани йўқ.

 

Signal — энг хавфсиз мессенжерлардан бири ҳисобланади. Сервис қўнғироқлар, хабар ва маълумотлар алмашинувида ишончли шифрлашдан фойдаланади, бу эса уларнинг уяли алоқа операторлари ва махсус хизматлар томонидан тутиб қолинишига йўл қўймайди. Бундан ташқари, мессенжер бошқа сервислардан фарқли равишда фойдаланувчилар ҳақида минимум маълумотларни олади ва ўзида сақлайди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: