Ўзбекистон ва БМТ ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистон ва БМТ ўртасида узоқ муддатли ҳамкорлик мустаҳкамланмоқда

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигида вазирнинг биринчи ўринбосари Обиджон Қудратов ва БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабина Маҳл ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фаоллаштиришга оид қатор масалалар муҳокама қилинди. Шунингдек, мамлакатимиз ҳукумати томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли экологик ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Иқлим кенгаши тузилгани, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (“Green University”), Оролбўйида иқлим технологиялари халқаро экспо-хаби, шунингдек, Ўзбекистон шаҳарлари учун экологик барқарорлик рейтинги лойиҳаси доирасида эришилган натижалар (“Uzbekistan’s Green Cities Rating”)га тўхталиб ўтилди.

Ўзбекистон бўйлаб шаҳарларни рағбатлантирадиган ва экологик тоза амалиётга устувор аҳамият берувчи яшил шаҳар рейтинг тизими хорижлик меҳмонлар томонидан юқори баҳоланди.

Учрашув чоғида жорий йилнинг ноябрь ойида Боку шаҳрида бўлиб ўтадиган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятга бағишланган ёрдамчи тадбир ташкил этиш ва Орол денгизи траст фондининг 2-босқичи доирасида ҳамкорликни фаоллаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Бокудаги глобал конференция Ўзбекистон учун Орол денгизи мақсадли жамғармаси бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун муносиб платформага айланиши мумкинлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, хорижий томон амалдаги Ҳамкорлик асослари 2025 йилда якунланиши ва БМТнинг Ўзбекистондаги мамлакат гуруҳи томонидан янги асослар ишлаб чиқилишини маълум қилди.

Вазирликка муҳим экологик устуворликларнинг интеграциясини таъминлаш учун ҳамкорликнинг янги асосларини шакллантиришда фаол иштирок этиш таклиф этилди.

Учрашув якунида иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича келишувга эришилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: