Қаршидаги бассейнда 18 ёшли йигитни ток урди

Қаршидаги бассейнда 18 ёшли йигитни ток урди

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги сув ҳавзасида 18 ёшли йигит ток уриши оқибатда вафот этган. Бу ҳақда “Менинг юртим” телеканалининг “Марказий студия” кўрсатувида хабар берилди.

Журналист Ғолиб Амировнинг аниқлаштиришича, марҳум 2006 йил Косон туманида туғилган бўлиб, Қарши шаҳридаги кўп қаватли уйда ижарада яшаб келган.

“Боланинг чўмилиш жараёни анчагина давом этган. Танаси нам пайтда телефон қувватлагич розетка устига оёғини қўйган. Қисман ток урган деб тахмин қиляпмиз. Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи масъуллар томонидан экспертиза жараёнлари олиб борилмоқда. Шундан сўнг ҳаммасига аниқлик киритилади”, дейди сув ҳавзаси вакили Нуриддин Пирназаров.
Воқеа содир бўлганидан сўнг марҳумнинг яқинлари тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилган. Унга қадар эса бемор йигитга манзилда бўлиб турган шифокорлар ёрдам кўрсатган.

“Шу куни 18:30 ларда тез ёрдамга чақирув бўлган ва тез ёрдам машинаси 18:40 ларда воқеа жойига етиб борган. Шифокоримиз ўша ерда бемор юрагини ёпиқ массаж қилган, сунъий нафас берган. Тиббий ёрдамларга қарамасдан бемордаги клиник ўлим биологик ўлимга айланган. Бемор Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинганда, унда тириклик аломатлари аниқланмаган”, дейди Қарши туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Икром Ҳайитов.
Қайд этилишича, “Қуйибешкент” маҳалласида жойлашган ушбу сув ҳавзаси фаолиятини бошлаганига эндигина икки ой бўлган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Қашқадарё вилояти ИИБ масъуллари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: