Яна бир университет ташкил этилиш арафасида

Яна бир университет ташкил этилиш арафасида

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Германия Федератив Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги янги тайинланган Фавқулодда ва мухтор элчиси Манфред Хутерер билан учрашди. Бу ҳақда “УзА” хабар берди.

Қайд этилишича, томонлар ўртасида муҳандис-техника мутахассисларини тайёрлашда ўзаро таълим дастурларини жорий қилиш, Германия Федератив Республикасидан тажрибали олимларни Ўзбекистонга таклиф қилиш, долзарб глобал муаммолар ечимига қаратилган ўзаро илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш каби масалалар муҳокама этилган.

– Мен учун мамлакатингизда элчи бўлиб хизмат қилиш катта шараф Ўзбекистонда таълим, илм-фан йўналишларида бир қатор муҳим ишларни биргаликда амалга оширишимизга ишонаман, – деди Манфред Хутерер.

Шунингдек, вазир Қ. Шарипов, ўз ўрнида Манфред Хутерерни янги лавозими билан табриклаб, ҳамкорликдаги устувор вазифаларга алоҳида тўхталган.

– Германия доимо биз учун муҳим шерик бўлиб келган, – деди вазир. – Бугунги кунда ўзаро талабалар, профессор-ўқитувчилар алмашинуви дастурларини кенгайтириш, ёш олимларнинг Германияда илмий стажировкаларини ташкил этиш муҳим йўналишардан биридир. Шунингдек, Германия томони билан Ўзбекистон Республикасида илк немис университетини ташкил этиш бўйича музокараларни давом эттиришга тайёрлигимизни маълум қиламан.

Дўстларингизга ҳам юборинг: