Ўзбекистонда маймун чечагига қарши дори воситалари захираси ташкил этилди
Санэпидқўмита бошқарма бошлиғи Рустамжон Икрамовнинг маълум қилишича, республикага маймун чечаги касаллиги кириб келган тақдирда амалга ошириладиган ишлар юзасидан тайёргарлик чоралари кўрилди.
Қуйидагилар амалга оширилди:
Юқумли касалликлар шифохонасида шифо-ўринлари, зарур дори воситалари захираси ташкил этилди;
касалликка чалинган бемор билан мулоқотда бўлганларни 21 кун мобайнида тиббий кузатувини ташкил этиш белгиланди;
касалликни четдан кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш борасида халқаро аэропортларда, темир йўл ва автомобиль йўллари орқали чегара кесишган жойларда санитария назорати пунктлари мутахассисларининг ҳушёрлиги оширилди;
Маймун чечаги касаллигининг этиологияси, клиникаси, эпидемиологияси ва профилактикаси бўйича услубий қўлланма асосида мутахассисларнинг малакаси оширилди;
Касалликни лаборатор аниқлаш учун тест-диагностикум захираси яратилмоқда.
“Албатта, бу хабарлардан турлича талқин яратадиганлар ҳам топилади, лекин сизларни ишонтириб айтаманки ушбу касаллик бизнинг юртимизга кириб келмаслик чоралари қатъий равишда амалга оширилмоқда. Сиз ва бизнинг вазифамиз хар қандай ҳолатда шифокорларга ишонч билдирган ҳолда ўз соғлиғимизга ўзимиз жиддий муносабатда бўлишимиз зарур”, — деди Икрамов.
Унинг сўзларига кўра, турли давлатларга ташрифлар чегаралангани йўқ. Бироқ, ўша давлатларда бўлиб қайтгандан сўнг ёки бошқа сабабларга кўра соғлиқдаги баъзи ўзгаришларни фақат шифокорларга мурожаат қилган ҳолда тўғри ташҳислаш ва даволаш кераклигини унутмаслик сўралди.
Маълумот учун, маймун чечаги – вирусли инфекция бўлиб, одамларга, ифлосланган нарсалар ёки касал ҳайвонлар билан мулоқот ва жинсий мулоқот орқали юқиши мумкин.