Маймунчечак хавфи: Озарбайжон ҳам чегара назоратини кучайтирди

Маймунчечак хавфи: Озарбайжон ҳам чегара назоратини кучайтирди

Озарбайжон Давлат божхона қўмитаси (ДБҚ) мамлакат давлат чегараси орқали аэропортлар ва бошқа назорат-ўтказиш пунктларида маймун чечаги вируси тарқалишининг олдини олиш бўйича кучайтирилган чора-тадбирларни амалга оширмоқда.

 

Давлат божхона қўмитасининг маълум қилишича, ЖССТ маълумотларига асосланиб, маймун чечаги хавфи бўлган давлатлар аниқланган. Бу борада мазкур давлатлардан кириб келаётган йўловчиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 

– Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида Давлат божхона қўмитаси тиббиёт хизмати томонидан божхона ходимлари учун ўта хавфли инфекциялар бўйича мунтазам ўқув машғулотлари ўтказилмоқда. Сўнгги пайтларда маймун чечагининг клиник белгилари, инфекция йўллари ва олдини олишга кўпроқ эътибор қаратилмоқда. Давлат чегараси орқали аэропортлар ва бошқа ўтказиш пунктларида ҳаво ҳарорати юқори бўлган йўловчиларни аниқлашда мавжуд техник имкониятлардан фойдаланилмоқда, – дейилади Давлат божхона қўмитаси хабарида.

 

Қўмитанинг таъкидлашича, агар касалликка чалинганликда гумон қилинган шахслар аниқланса, маълумотлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа тегишли тузилмаларга ўтказилади.

 

Озарбайжон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси, юқумли касалликлар бўйича мутахассис Тайяр Эйвазовнинг сўзларига кўра, Озарбайжонда маймун чечаги билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Аммо аввалроқ мамлакатга вирусни лаборатория текширувидан ўтказиш учун тестлар ва касаллик учун зарур дори-дармонлар олиб келинган эди.

 

Буюк Британия ВВС маълумотларига кўра, маймун чечаки вируси бутун дунё бўйлаб тарқалишда давом этмоқда ва бу йил Конго Демократик Республикасида 500 дан ортиқ одамни ҳаётига зомин бўлган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: