Ўзбекистонда қанча талаба бор?

Ўзбекистонда қанча талаба бор?

Олий ва профессионал таълим муассасаларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги бўйича АОКАда ўтказилган брифингда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Назокат Абдуқундузова маълумот берди.

“Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида амалга оширилган ишлар натижасида ҳозирги кунда республикада олий таълим муассасалари сони 211 тани ташкил этади. Улар – 112 та давлат, 30 та хорижий ва 69 та нодавлат олий таълим муассасалари ҳисобланади. Ёшларнинг олий таълим билан қамрови 43 фоизга етказилди.

2023/2024 ўқув йилида республика олий таълим муассасаларини жами 197 319 нафар, шундан бакалавриатни 192 376 нафар, магистратурани  4943 нафар талаба тамомлаган.

2024/2025 ўқув йилида республика давлат олий таълим муассасаларида жами 1 млн 167 минг нафардан ортиқ, жумладан, иккинчи ва ундан юқори курсда 652 минг нафар, биринчи курсда 215 минг нафардан ортиқ талаба таҳсил олиши кутилмоқда.

Шунингдек, олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган кўзи ожиз ва заиф кўрувчи талабалар учун педагогика, психология, тилшунослик ва ўзбек тили ихтисосликлари бўйича жами 15 номдаги ўқув адабиётлар 2 690 нусхада Брайл ёзувида нашрдан чиқарилди.

Бугунги кунда, республикадаги 113 та давлат олий таълим муассасаларида жами 1 283 та бино ва иншоотлар мавжуд бўлиб, жумладан, 405,3 минг ўринли 564 та ўқув бинолари  бўлиб, уларнинг навбатлилик коэффициенти ўртача 1,7 кўрсаткични ташкил этади.

2024/2025 ўқув йили бошланишига олий таълим муассасаларининг 70 дан ортиқ  объектлар мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари якунланди. Шу билан бирга, янги ўқув йили бошлангунга қадар 3 200 ўринли 3 та янги ўқув бинолари ва 3 000 ўринли 4 та талабалар турар жойлари фойдаланишга топширилди.

2023 йилда 18 016 ўринли 40 та, жумладан, олий таълим муассасаси маблағлари ҳисобидан 6 641 ўринли 16 та ҳамда давлат-хусусий шериклик асосида 11 375 ўринли 24 та талабалар турар жойлари яратилди.

Шундай қилиб, бугунги кунда 112 та олийгоҳда жами 338 та талабалар турар жойлари мавжуд бўлиб, уларнинг сиғими 127 792 ўринни ташкил этмоқда. Бу ётоқхонага эҳтиёжи бор талабаларнинг 54 фоизини қамраш имконини беради.

Бугунги кунда Республика миқёсида 46 252 ўринли 86 та талабалар турар жойларини барпо этиш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Улардан 31 882 ўринли 59 та давлат-хусусий шериклик асосида, 14 370 ўринли 27 таси олийгоҳларнинг тўлиқ ўз маблағлари доирасида барпо этилмоқда. Айни пайтда 35 820 ўринли 68 та талабалар турар жойларини қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Жорий йил якунига қадар Давлат дастурида белгиланган талабалар турар жойлари қуриб фойдаланишга топширилади”, – деди Назокат Абдуқундузова.

Дўстларингизга ҳам юборинг: