Ботсвана президентига мамлакат ҳудудидан топилган оғирлиги 2492 карат бўлган олмос кўрсатилди
Ботсвана президенти Мокветси Масига мамлакат ҳудудидан топилган оғирлиги 2492 карат бўлган олмос кўрсатилди ва минерални қўлига олган давлат раҳбари унинг ўлчамидан ҳайратда қолди.
Олдинроқ Канаданинг Lucara Diamond компанияси Ботсванадаги Karowe конида 2492 каратли олмос топилганини хабар қилганди.
Қимматбаҳо тош йирик олмосларни аниқлаш ва қайта тиклаш имконини берувчи махсус рентген технологияси ёрдамида қазиб олинди.
Бу тарихда топилган энг катта олмослардан биридир. Рекорд 1905 йилда Жанубий Африкада топилган «Кулиннан» (Африка юлдузи) тошига тегишли. Унинг оғирлиги 3106,75 карат эди.