Клавихонинг саёҳатлари ҳақида фильм суратга олинади
Самарқандда бўлиб ўтаётган «Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори» VIII халқаро Конгресси доирасида «Янги Ренессанс: маданий меросни сақлашда кино ва медианинг ўрни» ТУРКСОЙ халқаро форуми ҳам ўтказиляпти. Унда бир нечта лойиҳалар муҳокамадан ўтказилди. Жумладан, ХV асрда Амир Темур саройига ташриф буюрган испаниялик элчи Руи Гонсалес де Клавихонинг саёҳатлари ҳақидаги фильм лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Фильмда Клавихонинг Испаниядан жўнаб кетишидан бошлаб, унинг Амир Темур саройига ташрифи, Соҳибқирон билан мулоқоти, Самарқанддан жўнаб кетиши жараёнлари, йўлдаги саргузаштлар, Темур салтанати тавсифи гавдалантирилади. Фильм ХV аср Мовароуннаҳр сиёсий, ижтимоий, иқтисодий тарихини бадиий жанрда кўрсатиб беришга қаратилган.
Маълумот учун, Самарқандда бўлиб ўтаётган халқаро Конгрессда дунёнинг 35 мамлакатидан ташриф буюрган 300га яқин олим иштирок этмоқда.