Россия ҳужумидан сўнг Киевнинг сув таъминотида ҳам муаммолар пайдо бўлди
Киевда сув таъминотида муаммолар юзага келди. Бу ҳақда Киев шаҳар маъмурияти ўзининг Телеграм-каналида маълум қилди.
«Электр энергияси билан боғлиқ муаммолар туфайли ўнг қирғоқдаги сув таъминоти тизими паст босимда ишламоқда», — дейилади хабарда. Пойтахт маъмуриятининг қўшимча қилишича, энергетика ва коммунал хизматлар сув таъминоти ҳолатини барқарорлаштириш бўйича иш олиб бормоқда.
Бундан ташқари, кучланиш йўқлиги сабабли электр транспорти кечиктирилади. Шаҳар ҳокимияти аҳолини светофорнинг носозликлари ҳақида ҳам огоҳлантирди.