11 млрд сўмлик давлат харидлари қонунчиликка зид тарзда ўтказилишининг олди олинди

11 млрд сўмлик давлат харидлари қонунчиликка зид тарзда ўтказилишининг олди олинди

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан жорий йилнинг июнь июль ойларида жами 11 млрд сўмлик давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатлари аниқланди.

Жумладан, қуйидаги давлат харидларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани маълум қилинди:

– Ўзйўлкўприк кластерининг Жиззах филиали давлат муассасасининг 2,9 млрд сўмлик;

– Шаҳрисабз шаҳар 20-сон болалар мусиқа ва санъат мактабининг 885,9 млн сўмлик;

– Наманган давлат ўрмон хўжалигининг 605 млн. сўмлик;

– Тошкент тумани тиббиёт бирлашмасининг 551,9 млн сўмлик;

– Ички ишлар вазирлиги қошидаги «Қурилиш таъмирлаш гуруҳи» ДУКнинг 520 млн сўмлик;

– Термиз тумани сув етказиб бериш хизмати давлат муассасасининг 500 млн сўмлик;

– Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиалининг 407 млн сўмлик;

– Қумқўрғон туман Ободонлаштириш бошқармасининг 275,5 млн сўмлик;

– Сариосиё туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонасининг 200 млн сўмлик;

– Республика Ўлат карантин ва ўта хавфли юқумли касалликлар муҳофазаси маркази Қашқадарё филиалининг 190 млн сўмлик;

– Андижон илмий-тажриба станцияси давлат муассасасининг 169,1 млн сўмлик;

– Нарпай тумани ободонлаштириш бошқармасининг 82 млн сўмлик;

– Олтинсой тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлимининг 76,5 млн сўмлик давлат харидларида.

Шунингдек, қуйидаги давлат харидларида Ўзбекистон Республикаси «Давлат харидлари тўғрисида»ги Қонуннинг талабларига зид равишда баҳолаш жараёнида қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилган:

– «Оқолтин дон маҳсулотлари» АЖнинг 3 млрд сўмлик;

– Тошкент вилояти Оҳангарон шаҳар касб-ҳунар мактабининг 403 млн сўмлик давлат харидларида.

Бундан ташқари, Наманган касб-ҳунарга ўқитиш марказининг 269 млн сўмлик давлат харидида қонунчилик талабларига зид равишда ўзаро аффилланган шахслар иштирок этганлиги аниқланди.

Агентлик тақдимномаларига асосан харид комиссияларининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниши таъминланди, шу тариқа қайд этилган давлат харидлари ноқонуний ўтказилишининг олди олинди.

Қайд этилган қонунбузилиши ҳолатларига оид тўпланган ҳужжатлар қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: