Жанубий Корея Осиёда биринчи бўлиб иқлим қонунини конституцияга зид деб тан олди

Жанубий Корея Осиёда биринчи бўлиб иқлим қонунини конституцияга зид деб тан олди

Корея Республикаси Конституциявий суди иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ҳукумат томонидан тасдиқланган режаларни Асосий қонунга мос келмайдиган деб атади. Бу Осиё давлатлари орасида биринчи марта шундай суд қароридир.

Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, Конституциявий суд углерод нейтраллиги тўғрисидаги миллий қонунни халқнинг асосий ҳуқуқларига зид деб топди.

Республика ҳукумати 2030 йилга келиб углерод чиқиндиларини 2018 йилга нисбатан 40 фоизга камайтиришга ваъда берган, бироқ 2031 йилдан 2049 йилгача бўлган давр учун мақсадларни белгиламаган. Мамлакат олий судига кўра, Жанубий Корея ҳукумати иқлим ўзгаришига қарши етарлича чоралар кўрмай, одамлар ҳуқуқларини поймол қилмоқда.

Агентликнинг таъкидлашича, суд ўз ҳукмини фаолларнинг ҳукуматнинг иқлим инқирозига етарлича жавоб бермаётгани уларнинг ҳуқуқларига зид экани ҳақидаги шикоятлари асосида чиқарган. Шу билан бирга, суд фаолларнинг айрим даъволарини рад этди. Даъвогарларнинг фикрича, 2030 йилга қадар эмиссияларни камайтириш мақсадлари ҳам этарли эмас, аммо судьялар бунга рози эмас, дейилади ҳисоботда.

Қайд этилишича, бундан буён республика ҳукумати ва Миллий ассамблея (парламент) 2026 йилнинг 28 февралига қадар иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича янада қатъий чоралар кўриши керак.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: