Иқлим ўзгариши Африкада 120 миллионга яқин одамга таҳдид солмоқда

Иқлим ўзгариши Африкада 120 миллионга яқин одамга таҳдид солмоқда

2030 йилга келиб, Африкадаги 118 миллионгача ўта камбағал одамлар қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ҳаддан ташқари иссиқликка дучор бўладилар. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг “Африкадаги иқлим ҳолати 2023” номли ҳисоботида айтилади.

Ҳужжатга кўра, қитъа иқлим ўзгаришининг тобора оғир юкини ва зарур мослашув учун номутаносиб равишда юқори харажатларни ўз зиммасига олади.

Ҳисоботда айтилишича, Африка давлатлари ўртача ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 2-5 фоизини йўқотмоқда, кўпчилик ўз бюджетларининг 9 фоизини экстремал иқлим ҳодисаларига қарши курашга бағишламоқда.

Қайд этилишича, Африканинг Саҳрои Кабирдан жануби-ғарбий қисмида мослашиш харажатлари кейинги ўн йилликда йилига 30–50 миллиард доллар ёки ЯИМнинг 2–3 фоизини ташкил қилади.

ВМО Африка мамлакатлари миллий метеорологик ва гидрологик хизматларга сармояларни кўпайтиришга устувор аҳамият беришлари ва ҳаёт ва тирикчилик воситаларини сақлаб қолиш учун “Барча учун эрта огоҳлантиришлар” ташаббусини амалга оширишни тезлаштиришлари кераклигини айтади.

ВМО Бош котиби Селест Саулонинг айтишича, сўнгги 60 йил ичида Африкада глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ бўлган исиш тенденцияси кузатилган. “2023 йилда қитъада ҳалокатли иссиқлик тўлқинлари, кучли ёғингарчилик, тошқинлар, тропик циклонлар ва узоқ муддатли қурғоқчилик кузатилди”, деди у.

Саулонинг қўшимча қилишича, худди шундай манзара 2024 йилда ҳам давом этиб, гуманитар инқирозни янада кучайтиради.

Дўстларингизга ҳам юборинг: