Россияда қаровсиз қолган 14 нафар ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилди

Россияда қаровсиз қолган 14 нафар ўзбекистонлик бола ватанига қайтарилди

1 сентябрь куни хорижда ота-она қарамоғисиз қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган 14 нафар ўзбекистонлик болалар ватанига қайтариб олиб келинди. Бу ҳақда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабар бермоқда.

 

Мазкур гуруҳдаги болалар Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳридан Ички ишлар ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари масъул ходимларининг хизмат сафарлари доирасида Россия Федерациясидан Тошкентга олиб келинди.

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва масъул ташкилотлар ҳамкорлигида юртимизга қайтариб олиб келинган болалар ота-онаси ва ўз яқинларининг қарамоғига қайтарилади. Уларга ўзларининг яшаш манзилига яқин “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан бир қатор ижтимоий хизматлар, жумладан, болаларнинг ўзлари ва уларнинг оила аъзоларига психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиб бориш белгиланган.

 

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан Ташқи ишлар вазирлиги кўмагида Ички ишлар вазирлиги масъул ходимлари ҳамроҳлигида хорижий мамлакатларда ота-она қарамоғисиз қолган ва юртимизга қайтарилиши режалаштирилган вояга етмаган болалар олиб келингунига қадар уларни оилаларига қайтариш ва жамиятга ижтимоийлашувини ташкил этиш бўйича зарур тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: