Тошкент метросида поезддаги носозлик туфайли қатнов графиги бузилди
Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўлидаги «Халқлар дўстлиги» бекатида 5 сентябрь, чоршанба куни соат тахминан 22:35 ларда поездда носозлик юз берди ва шу сабаб линияда 25 дақиқадан кўпроқ вақт давомида ҳаракат тўхтаб қолди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.
Сергели йўналиши томон ҳаракатни бошлаганидан кўп ўтмай тўхтаган поезддан йўловчилар туширилди, бироз вақт ўтиб поезд бекатдан тиркамада текширув йўлаги томон олиб кетилди.
Қарама-қарши йўналишдаги ҳаракат ҳам тўхтатилди. Сергели томондан келган поезддан йўловчилар туширилмади, у эшиклари очиқ ҳолда турди (юқоридаги расмда).
«Халқлар дўстлиги» ва бошқа бекатларда одамлар тўплана бошлади.
Тахминан 23:01 да поездлар қатнови тикланди.
Метрополитен раҳбарияти юзага келган ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўради.