Исроил армияси Женинни тарк этди
ЦАХАЛ бўлинмалари Женинни тарк этди, Ғазо секторида полиомиелитга қарши эмлашнинг иккинчи босқичи бошланди, деб ёзади Euronews.
Исроил аскарлари “ёзги лагерь” амалиёти доирасида жойлашган Иорданиянинг ғарбий соҳилидаги Женин шаҳрини тарк этди.
Фаластин манбалари, камида 29 фаластинлик ҳалок бўлганини, уларнинг аксарияти қуролли гуруҳлар аъзолари эканини айтди. ЦАХАЛ расмийлари 14 нафар жангари ўлдирилганини, яна 30 нафари ҳибсга олинганини тасдиқлади. Жениндан чекинишига қарамай, Исроил “ёзги лагерь” амалиётининг давом этаётганини эълон қилди. У 10 кун давом этади ва йигирма йилдан ортиқ вақт ичида минтақадаги энг йирик операцияга айланди. Исроил матбуоти хабарларига кўра, Ғазо секторига бир вақтнинг ўзида икки баробар кўп кучлар жойлаштирилган.
Пайшанба куни Ғазодаги қочқинлар лагерига уюштирилган ҳужумда тўрт киши ҳалок бўлди. Қурбонлар орасида болалар ҳам бор. Аввалроқ ХАМАС назоратидаги сектор соғлиқни сақлаш вазирлиги уруш бошланганидан бери қурбонлар сони 41 минг кишига етганини маълум қилган эди.
Халқаро гуманитар ташкилотлар ҳомийлигида Ғазо жанубида полиомиелитга қарши оммавий эмлашнинг иккинчи босқичи бошланди.
“Дунёнинг Афғонистон ва Покистондан ташқари барча мамлакатларида полиомиелитга барҳам берилди. Шу боис полиомиелитнинг 25 йилдан сўнг Фаластин ҳудудларига қайтиши жаҳон ҳамжамияти ва ЖССТни, айниқса, фалаж хавфи остида бўлган болаларни катта ташвишга солмоқда”, — деди ЖССТ минтақавий директори Ханан Балхий.
Ғазо секторидаги гуманитар вазият БМТни жиддий ташвишга солмоқда: ташкилот маълумотларига кўра, август ойида миллиондан ортиқ фаластинликлар етарли озиқ-овқатга эга бўлмаган.