Тошкентда масжид имомлари қандай камчиликларга йўл қўяётганлиги айтилди
Бугун, 11 сентябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасида раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари раислигида Тошкент шаҳар имом-хатибларининг танқидий-таҳлилий йиғилиши бўлиб ўтди.
Мажлис аввалида ҳар бир имом-хатиб дин ғами, халқ дарди ва юрт тақдири йўлида астойдил хизмат қилиши лозимлиги, дин пешвоси сифатида, аҳоли, айниқса, ёшларни тўғри йўлга бошлаши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, сўнгги йиллардаги неъматлар қадрига етиш ва берилган имкониятлардан унумли фойдаланишга катта урғу қаратилди.
Танқидий масалалар муҳокамасида айрим имом-домлалар зиммасидаги бирламчи вазифасига жиддий ёндашмаётгани, мўмин-мусулмонлар эҳтиёжини таъминлашда етарли саъй-ҳаракат қилмаётгани ва ижро интизомидаги нуқсонлар қаттиқ танқид остига олинди. Шунингдек, белгиланган тартиб-қоидалар, меҳнат шартномалари талаблари ва лавозим йўриқномаларига риоя этмаётган имом-домлаларга чора кўрилгани айтилди.