Расман! Ботир Қодиров — Шерали Жўраевнинг ўғли
Шерали Жўраев Ботир Қодировнинг отаси бўлиб чиқди. Бу ҳақда суд залидан QALAMPIR.UZ журналисти хабар берди.
“Фуқаролик ишлари бўйича Учтепа туманлараро суди даъвогар Қодиров Ботир Шералиевични жавобгарлар Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жўраев Зоҳиршоҳ Шерали ўғлига нисбатан оталик тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризасини кўриб чиқиб, қарор қилади:
даъвогар Қодиров Ботир Шералиевични жавобгарлар Жўраев Шоҳжаҳон Шерали ўғли ва Жўраев Зоҳиршоҳ Шерали ўғлига нисбатан оталик тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантирилсин. Марҳум 2023 йил 4 сентябрда вафот этган Шерали Жўраев 1981 йил 5 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевичга нисбатан оталик факти белгилансин.
1981 йил 5 майда туғилган Қодиров Ботир Шералиевични Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлимида 1983 йил 11 мартда 12-сон билан қайд этилган туғилганлик ҳақидаги далолатноманинг ота устунига Шерали Жўраев деб кўрсатилсин”, деди судья.
Унинг айтишича, ҳал қилув қарори бир ойдан кейин кучга киради. Қарордан норози тарафлар шу суд орқали Тошкент шаҳар суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.
“Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази томонидан тақдим этилган хулосаларда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан Адлия вазирлигига хусусий ажрим чиқаради”, деди судья.