Бойсундаги кондан водород сулфид ажралиб чиқиши тўхтатилди

Бойсундаги кондан водород сулфид ажралиб чиқиши тўхтатилди

Сентябрь ойи бошида водород сулфид ажралиб чиққан “Мустақиллик-25” конида айни пайтда 604-сонли қудуқни сўндириш жараёни якунланди.

Шу мақсадда сизиб чиқишга қарши ускунанинг қўшимча блоги қурилди ва ўрнатилди. Сўндириш учун қудуқ оғзини тайёрлаш ва боғлаш жараёни ўтказилди. Қудуқ герметикланди ва сўндирилди.

14 сентябрь куни тахминан соат 13:05 да минорадан чикиб турган қувурнинг устига ПВО (сизиб чиқишга қарши қурилма) ўрнатилиб, 15 сентябрь куни тўлик тизимни пресслаш ўтказилди. 15 сентябрь куни соат 16:40 да Барит номли махсус эритма юборилди ва 16:50 лар чамаси минорадан ва чиқарувчи ускуналардан газ чикиши тўхтатилди.

Ҳодиса оқибатларини режали бартараф этиш жараёни махсус ташкил этилган штаб назорати остида амалга оширилди. Вазиятни профессионал баҳолаш мақсадида воқеа жойига Ўзбекистон, шунингдек, Россия ва АҚШ экспертларининг ташрифи ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, ҳодиса оқибатларни бартараф этиш давомида аҳоли учун ҳеч қандай хавф бўлмаган.

Барча зарур чора-тадбирлар Очиқ нефть ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми, Ўзбекистон Республикаси ФВВ ва “Саноатконтехназорат” давлат инспекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.

Ишлар барча зарур техника ва ускуналар билан тўлиқ таъминланган ҳолда олиб борилди. Ҳодиса бошидан барча зарур чоралар кўрилган. Хусусан, атрофда жойлашган аҳоли пунктларида ҳаво муҳитини ўлчаш ва мониторинг қилиш учун махсус постлар ўрнатилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, атмосферада зарарли моддаларнинг рухсат этилган максимал концентрациясидан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмаяпти. Шунингдек, бурғилаш қурилмасининг ишчи майдонини тозалаш ишлари амалга оширилди ва якунланди, таянч майдон махсус техника ва ускуналарни тўлиқ ўрнатиш ва фойдаланиш учун тайёрланди.

“Мустақиллик-25” конини ўзлаштириш алоҳида мураккаблиги билан ажралиб туради, бу ерда халқаро тажрибадан фойдаланилади ва кучайтирилган хавфсизлик чоралари кўрилади, шу жумладан ходимларга доимий йўл-йўриқ кўрсатилади. Углеводородни қазиб олиш тобора мураккаблашиб бормоқда, бу эса доимий равишда янги тажриба ва кўникмаларни талаб қилади, дейилади расмий хабарда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: