Хусусий ОТМлардаги айрим талабаларга контракт пуллари тўлаб берилади
Ёшлар дафтарига киритилган хусусий олийгоҳ талабаларининг 17 миллион сўмгача бўлган тўлов-контракт пуллари тўлаб берилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 312-сонли қарори 35-банди ва мазкур низомнинг 8-иловасига кўра, қуйидаги тоифалар учун тўлов-контракт пуллари тўланади:
– Темир дафтарга киритилган оила фарзанди;
– Аёллар дафтарига киритилган аёллар фарзанди;
– Ижтимоий ҳимоя ягона реестри АТга киритилган оиланинг профессионал ёки ОТМда таълим олаётган фарзанди;
– Меҳрибонлик уйи ёки Болалар шаҳарчасида тарбияланган ўқувчи-талаба;
– Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, васийликка олинган кам таъминланган ўқувчи-талаба;
– Оила аъзоларининг камида биттаси I гуруҳ ёки ҳар иккиси II гуруҳ ногиронлиги бўлган кам таъминланган оиланинг профессионал ёки ОТМда таълим олаётган фарзанди;
– Ногиронлиги ёки саломатлигида нуқсони бўлган ўқувчи-талаба;
– Оиласи кам таъминланган талаба.
Республикамиздаги профессионал таълим ташкилотларида таълим олаётган, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида фаолият олиб бораётган давлат, нодавлат олий таълим ташкилотлари ва хорижий олий таълим ташкилотларининг филиалларида: Бакалавриатнинг кундузги, сиртқи ва кечки шаклида;
Магистратуранинг кундузги йўналишида таълим олаётган талабларга тўлов-контракт асосида ўқиш бўйича йиллик харажатларининг бир қисми тўлаб берилади.
Ушбу харажатларни тўлаб бериш ёшлар етакчисининг ижобий тавсияси асосида тўлов-контрактининг 50 фоизигача, бироқ БҲМ нинг 50 баравари (17 000 000 сўм)дан ошмаган миқдорда амалга оширилади.
Қуйидаги тоифаларга эса тўлов-контракт харажатларининг бир қисмини қоплаб бериш назарда тутилмаган:
– Иккинчи ва ундан кейинги мутахассислик;
– Қўшма таълим дастурлари;
– Табақалаштирилган тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабалар.